Тошкент давлат стоматология институти талабаларининг талабаликка бағишлов тадбири бўлиб ўтди.
Унда институт маъмурияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Янги ўқув йилида Тошкент давлат стоматология институти бакалавриати учун мингга яқин талаба қабул қилинди.
Тадбирда биринчи курс талабалари — бўлажак тиббиёт ходимлари ўз касбига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди.
— Олий мақсадлар билан илм даргоҳига қадам қўйган талабаларни тантанали равишда кутиб олиш анъанага айланган, — дейди институт ректори Нодир Ҳайдаров. — Уларнинг ота-оналари, устозлари ва талабалар олдида қасамёд қабул қилиши чуқур билим олишга, ўз касбининг моҳиятини тушунишга ундайди. Таълим муассасамиз халқаро ISO сертификатига эга бўлиб, Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси томонидан халқаро аккредитациядан ўтган. Бу битирувчиларимизнинг дипломи жаҳон миқёсида тан олинади, деганидир.
Дарҳақиқат, Тошкент давлат стоматология институтига ўқишга қабул қилинган талабалар хориждаги тенгдошлари каби илғор технологиялар орқали таълим олиш, институтнинг 140 дан ортиқ хорижий ҳамкор ташкилотларида ўз билим ва маҳоратларини ошириш имкониятига эга бўлади.
Тадбирда институт фаолиятига катта ҳисса қўшган ва ютуқларга эришган ўқитувчилар тақдирланди. Талабалар томонидан ижро этилган устозларни мадҳ этувчи шеърлар ва қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА