French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўлажак олимлар орқали ишончли ва самарали дорилар яратиш мумкин
18:36 / 2026-02-04

Мотивация!

Фармацевтика соҳасида сифат ва хавфсизлик  муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир дори воситаси беморнинг соғлиғи учун ишлаб чиқилади, шу боис, унинг хавфсизлиги ва самарадорлиги энг юқори стандартлар асосида таъминланиши шарт. Жаҳон стандартлари асосида яратилган дорилар нафақат даволашда самара беради, балки аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда  асосий восита ҳисобланади. Битта самарали дори воситасини яратиш учун юзлаб мутахассиснинг меҳнати ва кўплаб давлатларнинг тажрибаси талаб этилади.

Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг ёш олимаси Мафтуна Пармонова — миллий тиббиётни ривожлантириш учун дунёдаги энг илғор тажрибаларни бирлаштираётган янги авлод тадқиқотчиларининг ёрқин вакили.

Мафтунанинг илмий йўли Буюк Британиянинг Лестер шаҳридаги  “De Montfort”  университетида халқаро сифат стандартларини чуқур ўрганишдан бошланди.  

Мазкур университет фармацевтика соҳасида 100 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, Буюк Британиядаги етакчи инновацион марказлардан бири ҳисобланади. Университет  лабораторияларида профессор Роберт Эдвард раҳбарлигида диабет билан оғриган беморлар учун “сунъий ошқозон ости бези” концепцияси ишлаб чиқилган. Шунингдек, университет  етакчи тадқиқот маркази сифатида дори воситаларини тери орқали етказиш усулларини ривожлантирган.

Ўқиш жараёнида Мафтуна “Сифатни лойиҳалаш орқали таъминлаш” замонавий концепциясини фаол тарзда ўзлаштирди. Бу фалсафага кўра, дори сифати тайёр бўлганда текширилмайди, балки унинг таркиби ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳам “сифат коди” киритилади. Мафтуна ишлаб чиқаришдаги хатоларни олдиндан прогноз қилиш ва уларнинг олдини олиш усулларини ўрганди.

Хитой фармацевтикада   автоматлаштириш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришда дунёда етакчи. Ушбу тажриба Ўзбекистонда корхоналарни модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этади. Ўтган 2025 йилда  Мафтуна таълим олишни Хитойда давом эттирди. Хитойда фармацевтика технологияларини модернизация қилиш бўйича семинарлар унга илм-фаннинг саноатга қандай айланишини кўриш имконини берди. Мафтуна юқори технологияли ишлаб чиқариш базаларида сифатни реал вақт режимида назорат қилиш тизимларини ўрганди.

Хитойдан кейинги манзил Корея бўлди. Қаҳрамонимиз илмий фаолиятини Сеул ва Осонг шаҳарларида олиб борди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида мРНК вакциналарини ишлаб чиқиш бўйича амалий курсда иштирок этди. Вакцина дизайнидан тортиб, уни хавфсиз ҳужайрага етказиш учун липид нано заррачаларига жойлаштириш жараёнигача бўлган барча босқичларни ўрганди.

Ёш олима келгусида  Венгрияда малака оширишни режалаштирмоқда. Ушбу давлат ўзининг классик фармацевтика мактаби билан машҳур бўлиб, Мафтуна учун Европалик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистонга янги тадқиқот методологияларини олиб келиш имконини яратади.

Мафтуна  шунчаки олима эмас, балки инновацияларни жорий қилувчи етакчи мутахассис ҳисобланади. У Британиянинг сифат соҳасидаги, Хитойнинг технология ва Жанубий Кореянинг биотехнология соҳасидаги тажрибасини бирлаштирмоқда.

– Жаҳон стандартлари асосида яратилган дорилар беморлар учун энг юқори сифат ва хавфсизликни таъминлайди, улар самарали даволаш ва соғлиқни мустаҳкамлашда асосий аҳамиятга эга, – дейди Мафтуна. – Мен ҳар бир бемор жаҳон стандартлари асосида яратилган дори воситаларидан фойдаланишларини ва  кутилган натижаларга эришишларини истайман. Бунинг учун бор билим ва малакамни ишга солишга тайёрман.

Илмли ёшлар — мамлакатнинг келажаги ва ислоҳотларнинг мустаҳкам таянчи. Улар тиним билмай ўрганиш, изланиш ва янгиликка интилиш орқали илмий ва технологиявий тараққиётни таъминлайди.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА