Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Бўлажак олим” танлови эълон қилинди.
Танловдан мақсад, истеъдодли ёш олимларнинг инновацион фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдир. Уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш.
Танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Бўлажак олим” танловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.
“Бўлажак олим” танлови доирасида ёш олимларнинг илмий ғоялари рағбатлантирилади ҳамда илмий ва стартап лойиҳалари молиялаштирилади.
Танловда қатнашиш шартлари ва талаб этиладиган ҳужжатлар билан вазирликнинг интернетдаги расмий саҳифаларида танишиш мумкин. Танлов доирасида илмий ғоялар бўйича таклифлар жорий йил 20 июнь куни соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Танлов доирасида стартап лойиҳалар бўйича таклифлар эса жорий йилнинг 31 май куни соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Бунда вазирлик томонидан тақдим этилган шакллар асосида ҳужжатлар www.yoshlarakademiyasi.uz веб-саҳифасининг танловлар рукни орқали юкланади.
Тақдим этилган илмий ғоя ҳамда стартап лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, белгиланган талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий ғоя ҳамда стартап лойиҳа муаллифлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
www.yoshlarakademiyasi.uz сайти орқали лойиҳаларни топшириш билан боғлиқ техник масалалар бўйича (71) 203-32-23 (230, 233) рақамларига қўнғироқ қилинг.
Танловларга аризалар 2021 йил 1 май санасидан бошлаб қабул қилинади.
ЎзА