Ташкил этилганига ҳали кўпи бўлмаган эсада янги авлод муҳандис кадрларини тайёрлашни мақсад қилган Самарқанд халқаро технология университетининг ўқув дастури 2022-2032 йилларга мўлжалланган истиқболли режа асосида ишлаб чиқилган. Бу режа тоғ-кон, геология ва нефт-газ муҳандислиги бўйича дунёда етакчилардан бири – АҚШ Давлат тадқиқот университети Колорадо кончилик мактаби билан ҳамкорликда тайёрланган.
Университетда талабалар хорижлик профессорлар, мутахассислар, юқори даражадаги тренерлар жамоасидан таълим олиш билан бир қаторда университет Васийлик кенгашининг ноёб ишлаб чиқариш базасидаги жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатаётган корхоналарда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Университетнинг илк талабаларига ўқишнинг дастлабки ойлариданоқ Ўзбекистондаги энг йирик нефть-газ компаниялари ҳамда корхоналарида амалиёт ўташ орқали муҳандислик касбининг мураккаблигини тушуниш ва масъулиятни ҳис қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини кузатиш имконияти яратилди. Улар амалдаги ўқув режага асосан шу йилнинг 27 мартидан 1 апрелига қадар “Мустақилликнинг 25 йиллиги” Бойсун газни қайта ишлаш заводи қурилиши ҳамда “Самарқанд туристик маркази”да амалиёт ўтади.
Талабаларга мазкур объектлардаги қурилиш жараёнлари ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Муҳандис-технологларнинг фаолияти ўрганилди.
– Сурхондарёнинг Бойсун туманида шундай катта ҳажмда иш олиб борилаётганини тасаввур қилмагандим, – дейди университет талабаси Комрон Раҳматуллаев. – Заводнинг 70 гектарлик қурилиш майдонида 2300 нафарга яқин мутахассис ва 380 та қурилиш техникаси ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Улкан қурилиш ишлари, кўплаб йирик ускуналар, пойдеворлардаги реакторлар, совутиш устуни, абсорбер насослар, буғ қозонлари, совутиш миноралари, газ пистонли қурилмалар ва печларнинг ишлаш фукциялари ҳақида қизиқарли ва фойдали маълумотлар олдик. Тўғриси, бу ердаги ишларни кўриб, тезроқ шу соҳани яхши ўрганиб, мана шундай объектларда ишлаш иштиёқи уйғонди. Танлаган касбимга қизиқишим яна ҳам ортди.
– 40 ёшимда талабалик бахтига мушарраф бўлдим ва шу кундан бошқа инсонга айландим, курсдошларим қатори завқ билан таълим олмоқдаман – дейди яна бир талаба Елена Лашук. – Айниқса, биз учун узоқ Сурхон воҳасида ташкил этилган амалиёт бу қувончларимни янада оширди. Бир томондан курсдошларим билан бир оила бўлиб билим ва тажриба орттирдим, иккинчи томондан менда жамият аъзоларига нисбатан меҳр-оқибат туйғулари янада кучайди.
Университет масъулларининг айтишича, таълим даргоҳида ўқиш жараёнлари шу тарзда назария ва амалиёт уйғунлигида олиб борилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА