French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўлажак дипломатлар италян тили байрамини нишонлади
18:10 / 2022-04-26

Маълумотларга қараганда, италянлар бошқа Европа халқларидан бирмунча фарқли миллат. Анъаналарини ҳурмат қилади, оилага эътиборли, ота-она, бувиларидан мунтазам хабар олади, доим уйда овқатланади, сайилгоҳга, дам олиш жойларига фарзандлари билан бирга боришни хуш кўради. Қисқаси, италянлар болажон, оилапарвар.

Табиийки, бу анъаналар бизга ҳам бегона эмас. Умуман, италян ва ўзбек халқлари ўртасида ўхшаш жиҳатлар талай.

Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда изчил алоқа ўрнатилган. Жумладан, таълим соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин мустаҳкамланмоқда. Юртимиздаги кўплаб олий таълим даргоҳларида италян тили чуқур ўргатилади. Шу йўналишдаги тажрибани ошириши мақсадида ўқитувчиларнинг Италияда амалиёт ўташи учун имконият яратилмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида италян тили иккинчи тил сифатида ўқитилади. Биринчи босқич талабалари инглиз ва рус тилини ўрганади. Иккинчи босқичга ўтгач, иккинчи тилни танлаш имкони берилади. Ҳозир ушбу таълим масканида Шарқ, Роман-Герман туркумидаги ўндан зиёд хорижий тил ўргатилади.

Олийгоҳда хорижий тил байрамларини ўтказиш ҳам яхши анъанага айланган. Мазкур аанжуманлар талабаларга иккинчи тилни танлашда ёрдам беради. Зеро, тил байрамларида муайян хорижий мамлакатнинг урф одати, тарихи, маданияти ҳақида батафсил маълумот берилади.

Университетда ўтказилган “Италян тил байрами” кунида талаба-ёшлар Италиянинг санъати, тарихи, адабиёти ҳақида анчагина маълумотга эга бўлдилар.

Тадбирда Италия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостина Пинна ва элчихона вакиллари ҳам иштирок этди.

Байрам тадбирида бетакрор тарихий-маданий меросга эга ушбу давлат айни вақтда салмоқли иқтисодий, илмий-техникавий ва интеллектуал салоҳиятга эга йирик саноат маркази экани ҳам эътироф қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама алоқа кўлами кенгайиб бормоқда. Бўлажак дипломатлар келгусида Ўзбекистон - Италия ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқадиган етук кадрлар бўлиб етишиши учун италян тилини пухта эгаллашлари лозимлиги қайд этилди.

Талабалар ижросида италян тилида опералар, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Айниқса, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари ижроси барчага манзур бўлди.

Тадбир сўнгида элчи Агостина Пинна талабаларни байрам билан табриклаб, италян тили ўқитувчиларига миннатдорлик билдирди.

Келгусида ўқитувчилар Италияда тажриба алмашиши масаласи келишиб олинди.

Г.Сатторова, ЎзА