Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўлажак дипломатлар диплом олди
14:51 / 2024-07-24

Ўзбекистонни чинакам Ўзбекистон қиладиган яна бир гуруҳ ёшлар “парвоз”га тайёр. Келажагимиз пойдеворини мустаҳкамлаш, таъбир жоиз бўлса, юртимизни жумлаи жаҳонга “кўрсатиб қўйиш”да уларнинг ўрни беқиёс.

Жорий йил 23 июль куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси саройи яна бир тарихий кунга гувоҳ бўлди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 2023-2024 ўқув йили битирувчиларига дипломларни тантанали топшириб, ёшларга “оқ фотиҳа” берди.

Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, чет давлатларнинг республикамиздаги элчилари, фахрий битирувчилар, ота-оналар иштирок этди.

Ватанимиз мадҳияси билан очилган анжуманнинг тантанали қисмида университет фаолияти, талаба ва магистрлар ҳаётига оид эсдалик видео лавҳаси намойиш этилди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев мавсумдаги энг муҳим натижалар, битирувчилар эришган ютуқларга тўхталди. Бу диплом шунчаки ҳужжат эмас, балки кенг имкониятлар оламига кириш учун йўлланма эканини эслатди.

[gallery-18393]

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бўлажак дипломатлар мунтазам ўз устида ишлаши, билими, тажрибаси ва малакасини оширишга интилиши зарурлигини таъкидлаб, келажакда инновацион иш услубларини жорий этиш улар учун устувор вазифа эканига урғу берди.

Дарвоқе, ЖИДУ талабалари орасида яхши натижага эришган йигит-қизлар кўп. Улардан бири – Халқаро иқтисодиёт ва менежмент факультети битирувчиси Гулруҳбону Шокирова.

– Ёшлигимдан дипломатликка қизиқиб, 4 йил муқаддам энг юқори – 189 бал билан талабаликка тавсия этилганман, дейди Гулруҳбону. – Ўқишни қизил диплом билан тамомладим. Биринчи курсда ўқиётган пайтим давлат раҳбари билан кўришишга муваффақ бўлдим. Ўшанда Президентимиз амалиётни хорижий элчихоналарда ўташ таклифимни қўллаб-қувватлади ва шундан сўнг бу борада махсус қарор имзоланди. Мен амалий кўникмани Ўзбекистоннинг АҚШ ва Бельгиядаги элчихонасида ошириш бахтига муяссар бўлдим. Бундан ташқари Туркия, Қозоғистон, Хиндистон каби давлатларга тўлиқ грант асосида сафар қилиб, “Дипломатияда аёллар овози” мавзусида маърузлар ўқидим. Университет миқёсида “Ректор стипендианти”, “Йил талабаси” танловлари ғолибиман. Умуман, олий ўқув юртида кечган йиллар талабаларимиз учун яратилган имкониятлардан имкон даражасида фойдаланиш имконини берди. Келгусида дунёнинг топ университетлари магистратурасида ўқиб, янада юқори марраларни забт этиш, юртимиз равнақи йўлида бор кучимни сарфлашга ҳаракат қиламан.

– Фарзандимиз шу университетда таҳсил олганидан фахрланаман, – дейди Малика Шокирова. – Қизим келажакда кучли дипломат бўлиб, Ватанимиз куч-қудратини дунёга ёйишига ишонаман. Давлатимиз ёшларга бераётган кенг имконият самарасини ўғил-қизларимиз ютуқларида кўряпмиз.

Юртимизда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар туфайли бугун барча соҳаларда Гулруҳбону Шокирова каби кучли, ўзига ишонган кўплаб кадрлар етишиб чиқмоқда.

Ёшларни мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, чет давлатларнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам қутладилар.

Тадбир якунида битирувчиларга диплом ва сертификатлар топширилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2023-2024 ўқув йилида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини 4 бакалавриат йўналиши бўйича 420 га яқин талаба, шунингдек 250 га яқин магистрант тамомлади.

Мусулмон Зиё,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА