Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўлармоннинг боласи ўн бешида бош бўлар...
16:13 / 2022-02-12

Жиззах вилоятида ҳар бир маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларига тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари тайинлангач, бир қатор қишлоқ ва маҳаллаларда ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади.

Жумладан, Форишдаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини туманнинг олис, энг чекка ҳудудларидан бири. Ушбу маҳаллада 180 та хонадон мавжуд бўлиб, бу ерга ёш, тиниб-тинчимас, иқтидорли мутахассис Воҳиджон Шавқиев тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси этиб тайинланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин шунга қарамай, у маҳалла аҳлининг қалбидан жой олиб улгурди.

– “Дўстлик”даги барча хонадонларни айланиб, аҳоли муаммоларини ўрганиб чиқдим, – дейди ҳоким ёрдамчиси Воҳиджон Шавқиев. – Маҳалламизда яшовчи аҳоли асосан, чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланади. Тоғ ҳудуди бўлган “Можрум”, “Андиген” қишлоқларида ҳамда Айдаркўл ёнидаги “Отақўрғон” қишлоқларида экотуризмни ривожлантириш бўйича катта имкониятлар мавжуд.

Биргина “Можрум” қишлоғидаги бир неча асрларни кўрган арчани ҳар йили минглаб сайёҳлар келиб томоша қилади. Шуни ҳисобга олиб, “Отақўрғон” қишлоғига олиб борувчи 18 километр ички йўлга қум-шағал тўшатиб текислатиш, минг йиллик арчага олиб борувчи йўлни созлаш ва бу ерда турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиб, тадбиркорликни ривожлантириш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш ниятимиз.

Режалар амалга ошса, 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу эса шунча оилада аниқ даромад манбаи яратилади, деганидир.

“Дўстлик” МФЙга қарашли қишлоқлардаги аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида Воҳиджон 25 нафар фуқаро билан боғдорчиликни ташкил этиш, 3 хонадонда чорва моллари боқишни йўлга қўйиш, 4 хонадонда паррандачилик ва яна 5 та хонадонда иссиқхона ташкил этиш ва уларга кредит, субсидия маблағлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатишни аниқ режалар асосида “йўл харитаси”га киритди.

Доно халқимизнинг, бўлармоннинг боласи ўн бешида бош бўлар, бўлмайманнинг боласи ўттизида ҳам ёш бўлар, деган ажойиб нақли бор. Воҳиджон Шавқиев ҳам ёш бўлишига қарамай ана шундай ишбилармон йигитлардан. Айни пайтда у ушбу вазифларни ҳал этиш, аҳолини рози қилиш, маҳаллада камбағалликка барҳам бериб, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасида ана шундай хайрли ишларни амалга ошишига бош-қош бўлаётган ҳоким ёрдамчиларидан биридир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА