Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Болангдан ҳурмат кутсанг, отангни эъзозла”
16:21 / 2020-04-21

Тил – элнинг бойлиги.

Тил – элнинг бойлиги

Бу воқеа икки йиллар илгари тўй олди “маслаҳат оши”да содир бўлганди. Кимни қурби нимага етади, ким нима қўша олади каби саволларга жавоб изланаётган пайт. Ўттиз ёшни қаршилаб қолган, аммо анча “катта” кўринадиган Мансур гапга қўшилди:

– Пахан,шу тўйда усилител, артистни мен виручат қилсамда, рублни майдалаб. А, бу Зафар братан эрта биз тўй қилсак ответини қиладику-а. Книгасига шунақа ёзилган, так что... 

– Сендан ҳеч нарса керакмас, барака топгур керакмас, – давра аҳли гув этиб унга юзланди. Негадир отахоннинг тепа лаби дир-дир титрарди, – олдин тилингни чархла, – дадил айтилаётган бу гапда таъкид, қатъият бор эди. –Тўрт кун четга чиқиб келиб отанг, онанг бисотини лойга қорадиган бўлдингми? Пул топиб, ақл топмаган дейди сендақаларни. Дастурхон нон-тузини заҳар қилма. Садқаи одам кет. 

– Эй, бобой, нима бу? Энди... Мансур умид билан тўйболанинг отаси Зафарга боққан эди, у кўрсаткич бармоғини оғзини устига қўйди,“жим” дегандек. 

– Бас. Бошим омон бўлсин десанг, тилингни асра. Отанг бир умр ер кавлаб сенга ризқ тутди. Ҳалол едирди, сен бўлса... Оқ сут берган онанг рози бўлсин десанг, у алла айтган тилда гапир. То тилингни созламас экансан, элга қўшилма. Чиқ, уйимдан. Сенсиз ҳам ўтар шу тўй.

Унинг гапи тугар-тугамас даврани тўрида савлат тўкиб ўтирган Барот ота бир тебранди. 

Ҳа, бу томонларда тўйга келма дейишлик элдан чиққанга ишора. Икки йил четда ишлаб, ўзни дунё кўрганга чиқариб, ўзбек тилига рус сўзларни қўшиб гапиришни одат қилган Мансур каби кимсаларни нари итариш унинг учун ўлим билан баробар. Ўшанда тўй мавзусини четга суриб отахоннинг кескин дакки бергани давра аҳлини таранг ҳайратга солганди. Сабабини шу ерда жам бўлган ёши улуғлар билгани боисми ҳеч ким орага тушмади. Кайвонининг қизишиши бежизга эмас.

У қишлоқдаги мактабда она тили ва адабиёти фанидан дарс берган. Ўшанда йигирма ёшларда эди. Бир гал текширувга “каттаконлар” келганида, унинг синфига ҳам киришди. “Барот малим”болаларга меҳр билан сабоқ бераётиб, Абдулла Қодирийнинг “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар” деган гапини айтдию, “балогина”га қолди. Замон қалтис эди, ўша пайтларда. Уч кун тинмай “облоно”га чақиришди, “пўстагини қоқишди”. Тонг отарга яқин судралиб уйга кириб келади. Партия сафидан ўчирамиз, сени мактабдан ҳайдаймиз дейишди. Элнинг болаларига таълим беришда “миллатчилик” қилаётган экан. Ўшанда, юрагини қора қуюн босгани, туганмас дард ичида тўлғонгани рост. Кечаси билан оҳ уриб, нола чекканлари ёдида. Шу юрт, шу халқ фарзанди бўла туриб, ўз ёзувчисининг гапини айта олмаса, қоракўзларга етказа олмаса ким бўлди, ўқитувчиликнинг шарафи нимада? Халқ фарзанди бўлган ёзувчи, шоирнинг бирон-бир шеър ёки нақлини гап орасида ҳам бўлсин, қистириб ўтиб кета олмаса, она тили фани дегани қаерда қолади. Уч кунда сочи оқарди. Ишдан ҳайдалди. Шу сабаб бўлдию, тўрт йил мактаб остонасига йўлатишмади. Ўша кунларни ўтгани ўтган бўлсин. Тилга ҳурмат, уни қадрлаш ҳисси – жон қадар азиз эканини йил ўтгани сари англамоқда. Ота-онасини соғинган кезларда уларнинг панд насиҳатларини ёдга олганда – тил масаласи ор, номус, ғурур билан боғлиқ эканини билади. Ҳа, халқимиз бежизга“Болангдан ҳурмат кутсанг, отангни эъзозла” дея айтмаган.

Бугун Барот отага ўхшаганларнинг қалбида яна қуёш порламоқда. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини юксалтириш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари томонидан 21 октябр –Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди, қонун қабул қилинди. Эҳтиёж бор эдида. Қашқадарё вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб иш бошлаб, буни яқиндан англамоқдаман.

Тил туганмас бойлик, хазина. Хазинани ноёб қиладиган, қимматини оширадиган бу – унинг дуру жавоҳирлари бўлса, биз уни бойитишга ҳисса қўшишимиз керак эмасми? Қайси соҳада ишламайлик баъзида тушунарсиз сўз ёки жумлага дуч келиб қолсак, филолог, мутахассисга мурожаат этган жойимиз бормикин? Луғат титкиладикми? Ўз она тилимизни билмаслигимизни тан олгимиз келмади. Таълим масканларининг рўпарасига имло хатолар билан “бежалган” кўча ёзувларини илиб қўйганмиз. Бола айтганга эмас, кўрганига ишонади. Таълимнинг муҳим шарти бу, аввало, ибрат, намуна бўлишликдир. Фарзандга китоб ўқи, китоб ўқи десангизда, аммо ўзингиз телефон “ковлаб” ўтирсангиз, телефон дастагини “Привет, привет, қандайлар?” деб кўтарсангиз...

Бу йўлдаги ишларни амалга ошириш учун бирлашиш даркор. Бу давр талаби! Тадбиркорман дея, кўнгилга келган сўздан ёрлиқ тайёрлаб, дўкон пештоқига илиб қўйиш урф бўлган. “Гранд”, “Ангел”, “Бутик”, “Волна”,“Мадам”, “Астория”, “Мастер”, “Посудани зўри”, “Мистер”, “Заказга товар келтирамиз”. Ҳамюртимизнинг тадбиркорлиги, маҳсулот ишлаб чиқаришию, савдо сотиқдаги иши таҳсинга лойиқдир, аммо ўзи яшаб турган замини, унга ризқ тутган давлат тилига ҳурматсизлик, беписандликни – хиёнатга тенглагим келади. Нега дейсизми? Тил – элнинг бойлиги, покиза дастурхони. Кўпнинг ҳақига нотоза қўлни тиқиб булғамоқдан оғир гуноҳ йўқдир. Шоир Муҳаммад Юсуф айтгани каби, юракни тирнаб бир нола ўтади: Она тилим, кечир мени, она тилим. Тилнинг равнақи ва сайқали йўлидаги ишлар албатта, кўпнинг иши. Бунда жамоатчилик назоратининг аҳамияти юксак. Уларнинг орасида сиз ва биз ўз ўрнимизни янада теранроқ тушунсак, нур устига аъло нур. Бу улуғвор ишга ҳисса қўшиш эса, албатта савоб. Аждодлар меросини асраб авайлаш учун бурчлимиз. Шу йўлда жасорат, фидоийлик кўрсатган зиёлилар хотираси олдида бош эгиб, улар бошлаган ишларни давом эттирмоқлик азми аъмолимиз бўлмоғи керак.

Тилимиз ғазнасини оҳиста кўздан кечириб афсус уятдан юз қизариб кетмоқда. Сиз ва мени улғайтирган, дунёқарашимизни шакллантирган, юракни жунбушга келтирган сўзларни биз ҳеч қандай маъносиз, сиёғи йўқ, юракка етиб бормайдиган, қуруқ сўзларга алмашмоқдамизку? Гоҳ билиб, гоҳ билмай. Бундан бир неча йиллар илгари – айирбошлаш, тақвим, нусха кўчириш, дўкон, мажмуа, лойиҳалаш, ёрлиқ, қувватлаш, тузилма дея сўзлашган бўлсак, бугун маркет, ксерокопия, дизайн, комплект, текст, феномен, товар, дирекция, унитар, инфратузилма, фонд каби сўзларни ҳеч қандай оғриқларсиз ишлатмоқдамиз.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг равнақи учун қатор ишлар қилинди, илмий тадқиқотлар олиб борилди. Луғатлар чоп этилди. Бу каби ишларни янада кўпайтириш, илдамлаб кетаётган замон зайлининг шиддати билан бақамти бўлиш вазифаси илгари сурилмоқда.

Тил тараққиётини белгилашнинг бош мезони китобхонлик экани бугун тобора аён бўлмоқда. Қанчадан қанча ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари чоп этилмоқда. Мамлакат раҳбари ташаббуси билан китобхонлар қўллаб-қувватланмоқда. Буюк мутафаккир, адиб, ёзувчи, шоирларнинг асарлари лотин алифбосида чоп этиляпти. Орада анчайин узилиш бўлган эдида. Мен ёшлигимда қўлимдан қўймай ўқиган асарлар кирилл алифбосида, фарзандим мактабда лотин алифбосини ўрганган. Бугун мана шу эҳтиёжларга барҳам бериляпти. Давлат бошқарув органларида давлат тилида иш юритиш, масъул ходимларни масъулиятини ошириш, кўча ёзувлари, пешлавҳаларни маънавиятимизга мос бўлишини таъминлаш, географик объектларни номланишида учрайдиган камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳамфикр бўлиб иш олиб борилмоқда. Мақсад ягона ҳазрат Навоий якқалам қилган, Бобур, Қодирий, Чўлпон, А.Орипов, М.Юсуф жон бериб сайқаллаган она тилимиз қаддини тикламоқ, ўзбекча фикрлаб, ўзбекча гапирадиган авлодни тарбиялашдан иборатдир. Бу йўлда, яъни Ибрат бобомиз айтгани каби ватаний ишда бирлашиш истагидасиз, сафимизга қўшилинг. Онамиз тилини ардоқлаб, қадр топиш шарафи муборак бўлсин!

Зиёда АМИНОВА,
Қашқадарё вилоят ҳокимининг 
Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, 
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини 
таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси