Қишки таътил кунлари пойтахтимизда болажонлар учун ҳақиқий байрамга айланди. Қувонч ва табассумга тўла ушбу тадбир ҳар бир боланинг қалбида янги йил мўъжизасига ишонч уйғотди, уларни орзулар оламига етаклади.
Байрам тадбирига 22 ва 30-сонли Меҳрибонлик уйлари, “СОС – болалар маҳаллалари”, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги Оилавий уйлар тарбияланувчилари, шунингдек, тутинган ота-оналарнинг ўз фарзандлари ҳамда гвардиячиларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Байрамона безатилган залга кириб келган болажонларнинг юзларида қувонч, кўзларида эса чексиз ҳаяжон порлади. Улар учун ҳар бир лаҳза унутилмас бўлиши, янги йил кайфияти қалбларига илиқлик бахш этиши мақсад қилинди.
Байрам дастурининг энг ёрқин нуқтаси “Қиш мўъжизаси-4: “Соҳибжамол ва махлуқ” номли намойиш бўлди. Мазкур саҳна асари ўзининг ранг-баранг декорациялари, куй-қўшиқлари ва қизиқарли саҳна кўринишлари билан болаларни сеҳрли оламга етаклади. Энг муҳими, болаларга чинакам инсоний фазилатлар — яхшилик, меҳр-шафқат, садоқат ва бағрикенглик ғоялари сингдирилди.
Тадбир якунида болажонлар нафақат байрам томошасидан улкан завқ олди, балки уларга янги йил совғалари ҳам топширилди. Бу совғалар болаларга янада қувонч улашди.
Бундай байрамлар болалар қалбига илиқлик улашибгина қолмай, уларни меҳр, яхшилик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялайди. “Қиш мўъжизаси” каби томошалар эса ҳар бир болага “сен ёлғиз эмассан, сен қадрлисан”, деган туйғуни ҳис эттиради. Ана шундай эзгу ташаббуслар жамиятимизда болалар бахти энг олий қадрият эканини яна бир бор намоён этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/x1W_Sm2eajg" title="Bolalik quvonchi va saxovat uyg`unlashgan lahzalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (видео), ЎзА