English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ошган
12:38 / 2021-08-25

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди. Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида 8 та қонун кўриб чиқилиши, шунингдек, бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилиниши белгиланган бўлиб, тадбирда улар тўғрисида ахборот берилди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, мактабгача таълимни такомиллаштиришнинг қонуний асослари, хорижий амалиёт ва мамлакатимизда соҳани ривожлантиришнинг истиқболлари мавзуси муҳокама марказида бўлди.  

 Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда республика бўйича мактабгача таълим ташкилотлари сони ҳамда болаларнинг мактабгача таълимга қамрови даражаси ошган. Хусусан, 2017 йилда республика бўйича жами 5 минг 211 та МТТга 708 минг 247 нафар бола (3-7 ёшдаги болаларнинг 27,7 фоизи) қамраб олинган бўлса, 2021 йилга келиб, 18 минг 254 та МТТга 1 миллион 699 минг 566 нафар бола (60,9 фоиз) қамраб олинган.  

 Қолаверса, мактабгача таълим хизматларининг сифати ва оммабоплигини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда ушбу соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори қабул қилинди. Шу билан бирга, мактабгача таълим соҳасини такомиллаштириш мақсадида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хорижий тажриба кенг ўрганилмоқда. Халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар билан мактабгача таълим тизимида таълим сифатини ошириш борасида икки томонлама ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ЮНИСЕФ, КОICA, Жаҳон Банки, JICА, ЮНЕСКО билан биргаликда амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар устида тегишли ишлар олиб борилмоқда.  

 Мажлисда бу борада ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ҳам саналди. Бошланғич таълимнинг мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларида 6 ёшли болаларни ўқитиш учун малакали педагог кадрлар билан таъминлаш чоралари етарли даражада кўрилмаган. Малака оширишда кредит-модуль тизимига асосланган узлуксиз, муқобил шаклларни жорий этиш орқали педагог кадрларга доимий равишда ўз устида ишлаш, касбий ўсишнинг индивидуал траекториясини танлаш ва амалга ошириш учун шароитлар яратилмаган. Мактабгача таълим ташкилотлари ўқув дастурлари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқув режаси ўртасида узвийлик таъминланмаган.  

 Шу билан бирга, мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ривожлантириш, хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда янги педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш талаб даражасида эмас. Қайд этилган муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш, мактабгача таълимни такомиллаштиришда хорижий тажриба асосида янги педагогик технологияларни жалб қилиш, малакали педагог кадрларни тайёрлаш, ўқув дастурларининг узвийлигини таъминлашга қаратилган зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.  

 

Нурилло Насриев, ЎзА