English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш барчамизнинг бурчимиз
18:31 / 2020-11-17

Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, қолаверса, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.

20 ноябрь – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти томонидан “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги камчиликлар, муаммолар ва ечим” мавзусида I Халқаро болалар онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, журналист ва блоггерлар ҳамда ҳудудлардан ташриф буюрган “Камалак” болалар ташкилотининг фаол сардорлари иштирок этди.

[gallery-74]

Бугунги кунда барча ривожланган давлатлар кенг жамоатчилик диққатини болалар муаммолари, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятлари, бахтли болаликка эга бўлишлари ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратган.

Мамлакатимизда ёшларнинг, болаларнинг маънавий ва жисмоний баркамоллиги давлатимизнинг бош сиёсатига айланди.

Ёш авлод камолоти йўлида сарфланаётган маблағ ва ресурсларга келажакка тикилган сармоя, деб ёндашилаётгани айни муддаодир. Бу маблағлар келажакда мамлакатга, жамиятга нафи тегадиган ёшлар кўпайишига замин яратади.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Украина, Беларусь ва Қозоғистон давлатларидаги вакиллари иштирок этиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Бола ҳуқуқларига доир биринчи ва асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ томонидан 1989 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган. 54 моддадан иборат ушбу конвенция айни пайтда бола ҳуқуқларининг халқаро миқёсда ҳимояланишига хизмат қилиб келмоқда ва у бола ҳуқуқларига доир миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг мукаммал андозаси саналади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўлган эди. Ўзбекистон дунёнинг 193 давлати қаторида бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Ўтган йиллар давомида ушбу ҳужжат нормаларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш, халқаро шартномалар бажарилишини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича 100 дан зиёд қонун, фармон, қарор ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Конференция доирасида бола ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар қаторида муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз ёшлари улкан ижодий, интеллектуал, ижтимоий-сиёсий салоҳиятга эга. Уларнинг ана шу куч ва салоҳиятини юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун сафарбар этишига кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама соғлом ва маънавий етук шахс қилиб тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир.

Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА,

ЎзА