Жамиятда болаларни зўравонлик ва ноқонуний таъсирлардан ҳимоя қилиш доимий аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Соҳада қабул қилинаётган қонунлар болаларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматлари самарадорлигини оширишга қаратилган.
Тегишли тартибга мувофиқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция марказининг вазифалари белгиланди. Бу марказ орқали зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган ёки ижтимоий жиҳатдан қийин аҳволдаги болалар ва уларнинг оилаларига самарали кўмак кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
Кўрсатиладиган хизмат турлари 6 ойгача — қисқа муддатли хизматлар, 1 йилгача — узоқ муддатли хизматлар ҳамда 1 йилгача — тун-у кун кўрсатиладиган хизматлардан иборат.
“Меҳрли оила” хизмати ота-оналарга болани тарбиялаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хулқ-атворни бошқариш ҳамда оилавий муносабатларни тиклашда кўмак беради.
Профессионал тутинган оила институти эса болага хавфсиз оилавий муҳит яратиш, саломатлигини тиклаш, таълимга жалб этиш, ижтимоийлаштириш ҳамда максимал махфийликни таъминлашга қаратилган.
Янги тизим болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг соғлом ривожланиши учун самарали восита бўлиб хизмат қилади. Ушбу ислоҳотлар орқали жамиятда болаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватланиши таъминланиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА