English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болаларни ўзининг дунёсига қайтариб туриш керак
15:12 / 2021-01-15

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Янги Ўзбекистон ва Миллий кинемотография” шиори остида миллий кино санъати ойлиги доирасида “Ўзбек миллий кино санъати” ҳафталигининг бешинчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Бугун ташкил этилган “Дебют” ёш кинематографистлар фестивалида “Менинг дунём”, “Мен сени севаман Ўзбекистон” мавзуларида бир қатор қисқа метражли фильмлар намойиш этилди.

ЎзА мухбирининг ёш иқтидорли актёр, сценарийнавис Эркин БОЗОРОВ билан суҳбати “Ўзбек миллий кино санъати” ҳафталигининг аҳамияти, соҳадаги ютуқ, муаммо ва унинг ечимлари хусусида бўлди.

– Ҳафталик ижод аҳли билан гавжум ва унда жуда кўп тарбирлар қамраб олинмоқда, – деди Э.Бозоров. – Бу эса киноарбоблар, режиссёр, сценарийнавис, оператор, рассом, бастакор ва киноижодкорлар ўртасида фикр алмашишга катта имкон яратди. Ҳам актёр, ҳам сценарийнавис сифатида кўп янгиликлар билан танишиб, келгуси режалар учун янги ғоялар устида ишлашга ўзимда иштиёқ сезяпман.

Дастлаб фаолиятимни актёр сифатида бошлаб, бир неча ролларни ижро этдим. Улардан бири режиссёр Нозим Аббосовнинг «Саид билан Саида» фильмида севимли ёзувчимиз Саид Аҳмад ролини ижро этганман. Улуғ адибимиз сиймосини яратиш мен учун катта масъулият эди. Шу сабабли рижиссёр Нозим Аббосовнинг ва Саид Аҳмаднинг қизлари Нодира Ҳусанхўжаеванинг ишончини оқлашга бор куч ва имкониятимдан фойдаланишга ҳаракат қилганман. Бу роль менинг актёрлик фаолиятимда катта тажриба ҳам бўлган.

– Ҳафталик ёш сценарийнавислар учун қандай маслаҳат, таклиф ва йўналишлар бера олди?

– Ҳафталикда ёш сценарийнавислар иштирокида “Зумраша” киножурналининг истиқболли режаларига бағишланган тадбир ташкил этилиши ва бу соҳага алоҳида эътибор қаартилишининг ўзи катта гап. Чунки бу ерда айтилган фикр, намойиш этилган янги фильмлар ва ёш ижодкорлар билан ўтказилган савол-жавоблар, танишувнинг ўзи жуда фойдалидир. Киножурнал фаолиятини янада жонлантириш бўйича ўз фикримни билдирдим. Чунки ўзим шу киножурнал учун сценарийлар ёзиб, “Зумраша”нинг болажонлар оламига кириб бориши тарафдориман.

“Зумраша” киножурнали учун олинган болалар фильмида илк бор режиссёрлик қилдим ва ҳафталикда шу дебют ишим намойиш этилганидан жуда хурсандман. Талабалик давримдан сценарийлар ёзиб, уларни киножурналга тақдим этишни бошлаганман. Дебют ишимда биттаси ўзим ёзган сценарий ва учтаси Аъзам Исҳоқов қаламига мансуб. Хайрулла Саъдиев “Зумраша” киножурналининг бадиий раҳбари. Лекин сценарийлар Бадиий кенгаш томонидан тасдиқланади. Хайрулла Саъдиев бадиий раҳбар сифатида кўп йиллардан буён ёшларга кўмак, йўналиш ва тавсиялар бериб келади.

– Болалар эътиборини тортадиган асарлар, улар асосида яратилган фильмлар жуда кўп эмас. Эҳтимол, “Зумраша” киножурналининг фаоллигини ошириш бу муаммонинг катта ечими бўлар? Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Детектив асарлар кўпаяётган бир пайтда болалар мавзуига доир асарлар яратишга эътибор камайгани рост. Натижада болалар нима кўришини, нима ўқишини билмай қолди. Лекин “Зумраша” киножурнали фильмларини намойиш қилиш ҳам анъанага айлангани йўқ. Болаларнинг эътиборини тортадиган даражада “Зумраша” киножурнали маълум бир графикка эга эмас. Шу вақтга қадар унинг фильмлари жуда кам миқдорда суратга олиниб келинган. Бу муаммони ечиш ҳам ҳафталикнинг асосий масаласидир. “Ўзбеккино” МА раҳбарияти ҳар ойда маълум сонини суратга олишни йўлга қўйиш чораларини кўрмоқда. Бунинг учун эса ёш рижиссёр ва сценарийнавислар керак бўлади. Доимий эфирда бериб борилса, киножурналнинг мухлиси ҳам кўпайиб боради. Болаларнинг “Зумраша” киножурнали фильмларига қизиқиши янада ортаверади.

– Ҳозир ёшу катталар, ҳатто мактаб ўқувчилари интернетдан фойдаланишга одатланган. Дейлик, сиз айтганингиз каби ойнаи жаҳонда ҳар куни “Зумраша” киножурнали фильмлари узлуксиз намойиш қилиниб борилса, болалар эътиборини қай даражада ўзига торта олади?

– Ҳа, чиндан интернет биз учун катта имконият бўлиб қолди. Фақат ҳар биримиз ундан унумли фойдаланишни билишимиз керак. Ўзимизни чеклай олишга ҳам ўрганиш зарур. Агар айнан болаларнинг эътиборини тортиш масаласига келсак, буни биргина “Зумраша” киножурнали фильмлари ҳал қила олмайди. Бу оилавий тарбияга боғлиқ. Хўш, “Зумраша” нима учун керак? У болаларни ўзининг дунёсига қайтариб туриш керак. Уларнинг дунёсини ўзларига кўрсатиш янада қизиқарлидир.  

 

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди