2018-2021 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 179 минг 270 қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 1 минг 733 нафар тадбиркорлар билан битимлар имзоланган. 2018-2021 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 20 минг 643 нафар тадбиркор томонидан 626 минг 374 қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган ҳамда 70 миндан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Бу ҳақда айни пайтда АОКАда давлат- хусусий шериклиги борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Хусусан, Мактабгача таълим вазирлиги Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Ҳакимовнинг таъкидлашича, 116 минг 267 қувватга эга 1 минг 154 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 510 минг 107 қувватга эга 19 минг 489 та оилавий нодавлат боғчалар фаолияти йўлга қўйилган.
Жами фаолияти бошланган 20 минг 643 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган 626 минг 374 нафар болаларнинг 384 минг 593 нафари, яъни 61,4 фоизи ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан қамрови паст бўлган туманларда 54 минг 825 ўринга мўлжалланган 2 минг 33 та оилавий шаклдаги битимлар имзоланди ва ўз фаолиятини бошлади. Натижада, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишда давлат-хусусий шериклик улуши 2019 йилга нисбатан 14 фоиздан 31 фоизга оширилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА