Бугунги кунда махсус эҳтиёжга эга болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ўзининг самарали натижасини бермоқда. Жумладан, Оҳангарон шаҳар 7-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда ҳам бу борада амалий ишлар бажарилмоқда.
Мазкур таълим муассасасида сифатли ва замонавий шароитда таълим беришга қаратилган синф хоналари, спорт майдончалари ва бошқа хизмат хоналари замонавий талаблар асосида мослаштирилган. 2025–2026 ўқув йилида мактабда жами 143 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, шулардан 41 нафари уйда якка тартибда ўқитилади.

Ўтган ўқув йилида 13 нафар ўқувчи инклюзив таълимга чиқарилган бўлса, 2025–2026 ўқув йилида 8 нафар ўқувчининг инклюзив таълимга йўналтирилиши режалаштирилган. Бу болаларнинг жамият ҳаётига фаол интеграциясини таъминлайди.
Шу билан бирга, 9-синф битирувчилари сони 17 нафар, шулардан 13 нафари касб-ҳунар коллежларига йўналтирилади. Қолган 4 нафар битирувчиларнинг бандлиги ва турмуш шароитини яхшилашга доимий эътибор қаратилади. Шу орқали ҳар бир ўқувчининг келажакдаги имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Мактабда йўлга қўйилган “Skil-Start” – тикувчилик касбини ўргатиш, “LOGO-PROFI” – логопедлик фаолият, “Ишонч маскани” – психологик-педагогик хизмат, шунингдек, “Эрготерапия”, “Физиотерапия”, “Рақсли терапия”, “LOGO-RITMIKA” каби лойиҳалар болаларнинг жисмоний, касбий ва руҳий ривожига хизмат қилмоқда.

– 6-синфда ўқийман. Иккита укам бор, – дейди Нурдавлат Мавлонов. –Расмлар чизишга ва кийимлар тикишга қизиқаман. Мактабимизда ташкил этилган тикувчилик тўгарагида чойшаблар тикиб, даромад топяпман. Ота-онам қўлимдан иш келиб қолганини кўриб жуда қувонади. Айниқса, онамнинг қувонч кўз ёшлари мени янада масъулият билан ўқишга ундайди. Устозларимга раҳмат айтаман.
Мактабдаги лойиҳалар орқали болалар касб ўрганиб, даромад топмоқда. Бу нафақат уларнинг шахсий ривожланишига, балки оилалар фаровонлигини оширишга ва инклюзив таълимнинг ривожлантиришга хизмат қилади.

А.Мусаев, ЎзА.