Технологиялар асрида яшаяпмиз. Телефон, смартфон, AI ва гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Айниқса, бугунги кунда телефон нафақат катталар, балки болалар учун ҳам энг муҳим воситага айланган.
Тўғри, фарзандларимизнинг таълим олиши, нималарнидир ўрганиши учун бундай техникалар керак, бироқ улардан бошқа мақсадларда фойдаланмаслиги, тақиқланган видеолавҳаларни кўрмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Кўплаб ота-оналарни хавортирга соладиган жиҳат ҳам айни шу.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим видеолар, турли ўйин ва вайнлар нафақат боланинг тарбиясига, балки унинг руҳиятига, ички дунёсига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида мутахассислар бот-бот таъкидлаб келади.
Дарҳақиқат, бу жиддий масала. Назорат қилиб, тақиқлабгина бунга чек қўйиб бўлмайди. Чунки ҳар доим болаларни назоратда ушлаш имконсиз. Шундан келиб чиқиб, кўпгина давлатлар ўсмирлар, болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш керак, деган хулосага келмоқда.
Экспертлар чекловларни қўллашга жиддий сабаблар борлигини кўрсатишди. Хорижда ўтказилган бир қанча тадқиқотлар, сўровлар натижасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг қатор зарарли томонлари очиб берилди. АҚШдаги тадқиқотга кўра, кунига 3 соатдан ортиқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган 13–17 ёшдагилар руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларга (депрессия, хавотир) икки баробар кўпроқ дуч келиши маълум бўлди. Бошқа тадқиқотларда натижаси эса бунданда қўрқинчли. Фойдаланувчи ўсмирда ижтимоий тармоқлар психологик зўриқиш, ўзини паст баҳолаш ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикрларини келтириб чиқариши мумкин.
Бундан ташқари, болаларнинг кўп вақт экранга қараши (айниқса, уйқудан олдин) уйқу сифатини ёмонлаштиради. Чунки бу мияни доимий стимуляция қилади ва у дам олишга имкон бермайди. Бу ҳолат тиббиёт томонидан тасдиқланган.
Нидерландия расмийлари келажак авлодни рақамли дунё таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга “Tik Tok”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган. Буюк Британия ҳукумати болалар ва ўсмирлар томонидан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш бўйича маслаҳатлашув ўтказиб, мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқлашни кучайтирди.
Австралия 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган дунёда биринчи мамлакат бўлди. Ўлка парламенти томонидан 2024 йил ноябрь ойида қабул қилинган қонун 2025 йил 10 декабрда кучга кирди. Қонун ижтимоий тармоқ операторларини ёшни текшириш тизимини жорий қилишга, 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг аккаунтларини блоклашга мажбур қилди.
Қўшма Штатларнинг Флорида штатида 16 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун ўтган йил 1 январдан кучга кирган. Бутун дунёни смартфонлар ва бошқа ақлли технологиялар билан таъминлаётган Хитой эса болаларга кунига 1 соатдан кўп ўйин ўйнамаслик чекловини қўйган. Малайзия ҳукумати ҳам бу бўйича қонун лойиҳасини 2025 йил ноябрь ойида эълон қилди.
Дания ҳукумати 15 ёшгача бўлган вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлашни кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Францияда 15 ёшдан кичиклар ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиши учун ота-она розилиги талаб қилинадиган тартиб мавжуд эди. Энди эса мамлакат 2026 йилнинг 1 сентябридан бошлаб 15 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни буткул чеклашни режа қилган.
Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам бу каби чекловлар бўйича қадамлар ташланяпти. Жумладан, қўшни Қозиғистонда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқ ва баъзи платформаларда рўйхатдан ўтишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
Юртимизда ҳам айни масала бўйича мутахассислар, экспертлар, психолог ва олимлар томонидан қатор ташаббус ва фикрлар ўртага ташланмоқда. Масалан, 2025 йил 31 июлда Олий Мажлис Сенатида вояга етмаганларга нисбатан Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Психологлар аввало, ота-оналарнинг ўзи ижтимоий тармоқлардан тартибли фойдаланишни ўрганишлари кераклигини таъкидлашмоқда. Вояга етмаган болалар учун ижтимоий тармоқларнинг тақиқланиши сабабларидан бири сифатида ҳали уларда ўзлари қабул қилаётган ахборотни танқидий, таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқиб, саралай олиш кўникмасининг йўқлигини ҳам келтириш мумкин. Баъзи мамлакатлар болаларда ушбу кўникмани ҳосил қилиш мақсадида мактабларда “Медиа саводхонлик” дарсларини жорий қилган. Финляндия ва Канада каби давлатлар бунга яққол мисол бўла олади.
Ижтимоий тармоқлар кенг имконият, қулайлик кўрингани билан унинг салбий жиҳатларини ҳам унутмаслик лозим. Бу жиҳатлар келажак авлодимизнинг маънавияти, руҳияти, эртанги ҳаётига жиддий хавф туғдирар экан, ўсмир фарзандларимизга ундан фойдаланишни тақиқлаш, чеклов тизимини ишга тушириш айни муддао бўлади. Зеро, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг камолотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар бир нарса эътибор марказимизда бўлиши керак.
Гўзал Сатторова, ЎзА