Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болаларни иппотерапия ёрдамида даволашга эътибор қандай?
18:57 / 2019-09-25

Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган от спортини ривожлантириш, нуфузли мусобақаларни хaлқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш, от спортини миллий вa зaмонавий турлари билан уйғун оммалаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.


Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган от спортини ривожлантириш, нуфузли мусобақаларни хaлқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш, от спортини миллий вa зaмонавий турлари билан уйғун оммалаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бунинг натижасида маҳоратли чавандозларимиз сафи кенгаяётгани ҳам сир эмас.

Айниқса, жойларда от спорти билан ёш болалар ва катталар бирдек шуғулланишига кенг имкониялар яратилмоқда. Сабаби от инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, уни минганда қомат кўркамлашиб, организмдаги ортиқча ёғлар парчаланади. Вақт ўтиб инсоннинг юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида ҳам бу яққол сезила бошлайди. Мазкур спорт тури тобора оммалашиб бораётганининг боиси ҳам шунда.

Республика олимпия захиралари коллежи қошидаги от спорти мактаби бир неча йиллардан буён фаолият юритади. Спорт мактаби асосчиси Акмал Шарипов бу ерга келган ёшларга от спорти билан шуғуллаши учун қўлдан келганча ёрдам беради. Қизиқувчилар ўзига ёққан отни миниб кўриши, кичик ёшдаги болалар эса мутахассис билан бирга машқ қилиши мумкин.

2013 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган мазкур мажмуада иккита ёзги ва қишки отхона, катта ва кичик махсус шуғулланувчи майдонлар бунёд этилган. Айни пайтда Англия, Германия, Голландия ва Россия давлатларидан келтирилган 25 та зотли от боқилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси йилқичилик ва от спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, от спорти бўйича миллий ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамкорлигида ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни иппотерапия ёрдамида тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

8.jpg

Шуни инобатга олган ҳолда от спорти мактаби раҳбари Акмал Шариповнинг ташаббуси билан бу мактабда имконияти чекланган болаларга бепул от спорти билан шуғулланиши учун шароит яратилди. Бу ердаги мутахассислар кўмагида имконияти чекланган болалар, мия фалажидан жабр кўраётган ёшлар ҳам машғулотларда қатнашмоқда. Муҳими, ушбу ташаббусдан ота-оналар хурсанд. Саъй-ҳараткатлар туфайли ўтган вақт давомида эгарга минган болакайларда ижобий томонга ўзгариш кузатилиб, от устида эркин ҳаракатлана бошламоқда.

Бугунги кунда бутун дунёда ҳайвонлар ёрдамида ноанъавий усулда дориларсиз даволаш усули ривожланмоқда. Биологларнинг текширувлари натижасига кўра, бу жонзотларга от, ит, мушук, асалари, илон ва дельфинни киритиш мумкин экан. Аслида отда сайр қилиш инсонлар саломатлиги учун фойдалидир. Бу хақда ўз вақтида Платон (эрамиздан аввалги 427-347 йй.) ва Плинией (эрамиздан аввалги 23-79 йй.) ёзиб қолдирган. Мутахассисларинг таъкидлашича, отда юриш турли касалликларнинг олдини олар экан. Касалликларни от сайри орқали даволаш “райдингтерапия” (инглизча ride – отда сайр), ёки "иппотерапия" (юнонча hippos – от) дейилади.

– Тиббиётда иппотерапия усулидан ҳаракат-таянч аппаратида муаммоси бўлган ва ақлий-руҳий бузилишлари мавжуд бўлган инсонларни даволаш учун қўлланилади, – дейди от спорти мактаби мутахассиси Алишер Рустамов. – Бу орқали организмнинг умумий ҳолати яхшиланиб, қон-томирлар ва мускуллар гипертонуси бўшаштирилади. Инсондаги нафас, юрак ва ҳаракат тизими аъзоларининг фаолияти, ҳаракат рефлекслари янада яхшиланади. Шунингдек, иппотерапияга қарши кўрсатмалар ҳам мавжуд бўлиб, гемофилия касаллиги, суякларнинг туғма синувчанлиги, буйрак патологиялари ва аёлларда ҳомиладорлик даврида тавсия этилмайди.

Айни пайтда мазкур от спорти мактабига фарзандларини олиб келувчи ота-оналар бу ерда яратилган шароитлардан мамнун.

5.jpg

– Ўғлим Фахриддин атрофдагиларга қўшилмай, мулоқот қилишдан чўчир эди, – дейди уй бекаси Мадина Қодирова. – Мана ярим йилдирки, от спорти тўгарагига қатнаша бошлаганидан буён унинг феъл-атворида анча ижобий ўзгаришлар бўлди. У энди кечалари тиниқиб ухлаб, ўртоқлари билан бемалол ўйнаяпти. Мактабда ҳам дарсларга фаол қатнашиб, ўзлаштириши ошмоқда. Энг муҳими, ҳайвонларга меҳри ортиб, улардан қўрқмайдиган бўлди. Ўғлимнинг отга бемалол минишини, чоптиришини кўриб хурсанд бўляпман.

– Бир йилдан буён иппотерапия усулидан фойдаланаяпмиз. Бугунга келиб, фарзандим Умархўжа бемалол бўйнини ўзи тутадиган бўлди, – дейди уй бекаси Азиза Мухторова. – Саломатлиги анча тикланиб, ҳаракатлари дадиллашди. У отларнинг кишнашини жуда яхши кўради. Ташкилотчилар томонидан биз каби оилаларга шундай имконият яратилганидан мамунмиз.

От спорти мактабида иппотерапия бўйича машғулотлар бутун ҳафта давомида олиб борилади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ўз ҳиссасини қўшаётган от спорти бўйича миллий ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган чавандозлар ҳам имконияти чекланган болалар билан ишлашда фаол иштирок этмоқда. Айнан уларнинг ёрдами билан олиб борилаётган машғулотларда бу спортга қизиқаётган, отларга меҳр қўяётган болалар сафи ортмоқда.

11.jpg