Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Шундан сўнг, «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хотин-қизлар ва вояга етмаган болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилган адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов. — Шунга қарамай, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган. Аёлларни иш ва ўқиш жойида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича кафолат ҳам қонунчиликда мавжуд эмас.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, ўн олти ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жиноятлари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

Шунингдек, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бу каби жиноятларга белгиланган жазони енгилроғига алмаштириш ёки муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш каби инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги белгиланмоқда. Ўн олти ёшга тўлмаган, жумладан 14 ёшгача бўлган болаларга зўравонлик учун, шунингдек, такроран шундай жиноят содир этганларга 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таклиф этилмоқда. Амалда эса 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш жазолари белгиланар эди.
Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА