Ҳар бир байрам болажонлар билан тотли. Айниқса, Янги йил шодиёналари уларга беғубор орзу-умидлар, меҳр-оқибат ва янги марралар олиб келишини интиқлик билан кутадилар. Республикамиз бўйлаб Янги йил байрами арафасида турли тадбирлар кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтмоқда. Ушбу шодиёналар, айниқса болажонларга ўзгача завқ бағишламоқда.
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги 45-сонли ДМТТда ўтказилган байрам тадбири ҳам болажонларга бир олам қувонч туҳфа этди. Байрам тадбирида ДМТТнинг соғломлаштириш гимнастикаси тўгараги аъзолари ўз чиқишлари билан иштирок этди.
Тадбир катта арча атрофида уюштирилган бадиий дастур билан янада файзли бўлди. Қорбобо ва қорқиз, турли мультфильм қаҳрамонлари образлари иштирокидаги саҳна кўринишлари, болажонларга олам-олам завқ улашди. Иқтидорли ўғил-қизларнинг шўх қўшиқ, тарона ва рақслари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
[gallery-26891]
– Янги йил байрамини айниқса болажонлар интиқиб кутишади, – дейди боғча мудираси Дилноза Икромова. – Бугунги байрам тадбиримизда ҳам болажонлар бир-биридан чиройли чиқишлар қилишди. Улар янги йилни янги орзу-умидлар билан кутиб олишмоқда.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган болажонлар диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Ойбек Пардаев (сурат),ЎзА