Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига кўра боланинг ҳаётига, соғлиғига, жинсий дахлсизлигига, шаънига, қадр-қимматига ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ҳамда асосий эҳтиёжларига зид бўлган, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан ва Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, қасддан содир этиладиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилади.
Жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) болаларга нисбатан зўравонликнинг шаклларидир.
Болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай тури тақиқланади.
Зўравонликнинг ҳар қандай туридан жабрланган бола зўравонликдан жабрланувчи деб эътироф этилади.
Қонунга асосан зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиниш;
ўзига нисбатан зўравонлик содир этилганлиги ёки содир этилиши таҳдиди тўғрисидаги ариза билан бевосита ёки ўзининг қонуний вакили орқали тегишли давлат органларига ва ташкилотларга ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат этиш;
текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам, шу жумладан бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) орқали тақдим этиладиган ёрдам олиш;
ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан бевосита ёки ўзининг қонуний вакили орқали тегишли давлат органларига мурожаат этиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса бу ҳақда хабардор қилиш;
ўзига нисбатан содир этилган зўравонлик натижасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши.
Зўравонликдан жабрланувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
Зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Х.Бибаев,
“Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси