Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болаларга ҳуқуқий ахборотни етказишнинг замонавий усуллари жорий этилмоқда
17:40 / 2026-02-06

Бугунги кунда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш жаҳон ҳамжамияти олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда болаларга ҳуқуқий ахборотни замонавий, тушунарли ва интерактив шаклларда етказиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу боис, давлат ташкилотлари ва халқаро институтлар ўртасидаги ҳамкорлик мазкур йўналишда самарали механизмларни жорий этиш, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар учун адолатли муҳит яратишда муҳим ўрин тутади.

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Дурдона Солиҳова болаларга ҳуқуқий ахборотни етказиш усуллари бугунги кунда сезиларли даражада ўзгараётганини таъкидлади: 

–Замонавий рақамли воситалар, интерактив платформалар ва кўргазмали материаллар орқали ҳуқуқий билимларни етказиш анъанавий усулларга нисбатан анча самарали натижа бермоқда. Бундай ёндашув болаларнинг ўз ҳуқуқларини англаши, улардан фойдаланиш ва зарур ҳолларда ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу кунларда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказида UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рексина Мария Кастижио иштирокида муҳим ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди. Учрашув давомида томонлар мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда болалар учун одил судлов тизимини халқаро стандартлар даражасида ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Мулоқот чоғида болаларга оид ҳуқуқий ахборотни етказишнинг янги ва замонавий механизмларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, bolahuquqlari.uz порталини тубдан модернизация қилиш бўйича тақдим этилган янги техник концепция учрашувнинг муҳим қисмига айланди.

Лойиҳа доирасида порталнинг имкониятларини кенгайтириш, уни нафақат маълумот берувчи манба, балки болалар учун интерактив таълим платформасига айлантириш, инклюзив функциялар, ёшга мослаштирилган ўйинлар ва методик материалларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Рексина Мария Кастижио ҳуқуқий ҳужжатларни “бола тилига” мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бериб, бу йўналишда UNICEF томонидан методик ва амалий ёрдам давом этишини айтиб ўтди.

Мутахассислар қайд этганидек, рақамли лойиҳалар, балки жамиятда болалар манфаатларини ҳимоя қилишда амалий аҳамиятга эга. Ота-оналар ва ўқитувчилар учун мўлжалланган ҳуқуқий ресурсларни бойитиш, болаларнинг зўравонликдан ҳимояланиш бўйича хабардорлигини ошириш ҳамда туманлар кесимида болаларга хизмат кўрсатувчи муассасалар ҳақидаги маълумотларни очиқлаш стратегик вазифалар сифатида белгиланган.

Томонлар “Адолат” МҲАМ ва UNICEF ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, келгусида қўшма “Йўл харитаси” асосида тизимли ишларни давом эттириш ва белгиланган техник ҳамда ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Мазкур ҳамкорлик болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқишда муҳим қадамдир.

Н.Зиёдуллаева,ЎзА