English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болаларга чет тилларни ўргатаётган Чустдаги маҳаллага компьютерлар тақдим этилди
21:25 / 2021-08-04

Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Пансада маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий тилларни ўрганиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни касб эгаллашларига шароит яратиш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собитхон Хўжаевнинг тиришқоқлиги ва ҳудуддаги тадбиркорларнинг ёрдами билан шерикчилик асосида МФЙ биноси замонавий кўринишда қад рослади. Маҳалла идорасида фаолият юритиш учун барча шароитлар яратилиб, шинам хоналарда барча жиҳозлар етарли, кутубхона ҳам ташкил этилди.

Мазкур хайрли ташаббусларни амалга оширишда ҳамкор ташкилотларнинг амалий ёрдами ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими кўмагида МФЙнинг моддий-техника таъминотини яхшилашга эришилмоқда. Жумладан, фаолият учун зарур бўлган кўргазмалар, зиё масканига китоблар тўплами тақдим этилди.

“Маҳалла” фонди Республика бошқаруви раиси Дилшод Усмоновнинг шу йил июнь ойида Наманган вилоятига хизмат сафари доирасида Чуст туманидаги “Пансада” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган хайрли ишлар билан танишиб, жумладан, маҳалла оқсоқолининг саъй-ҳаракатлари билан етим, ногиронлиги бўлган болаларни МФЙ биносида хорижий тилларга бепул ўқитишни йўлга қўйганлиги учун фонд томонидан компьютерлар ажратиб берилиши ваъда қилинганди.

Ушбу ташаббусни Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қўллаб-қувватлаб, Чуст тумани фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва нуронийлари, спортда юқори натижаларга эришаётган ёшлар билан учрашувда “Пансада” МФЙ раиси Собитхон Хўжаевнинг ибратли иши муносиб тақдирланди. Эҳтиёжманд оилалардаги болажонларни тўкис билим олишларини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган компьютерлар жамланалари совға қилинди.

– Энг хайрли иш бу, фарзандларимизнинг келажаги учун сарфланган сармоядир, – дейди “Пансада” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собитхон Хўжаев. – Зеро, ушбу маблағлар келгусида болаларнинг билимли бўлиши ва ўзига муносиб касб эгаллашига хизмат қилади. Ўйлайманки, вилоят ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” фондининг амалий ёрдами натижасида болалар хорижий тилларни мукаммал эгаллайди. Муносиб касб эгаллаб, келгусида Ватанимизга муносиб баркамол инсон бўлиб етишади.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА