Бухоро шаҳрининг Шаҳристон майдонида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Болаларга беринг дунёни” номли байрам дастури ташкил этилди.
Сана муносабати билан вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари “Оилавий меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, васийликка олинган ижтимоий аҳволи оғир бўлган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар ҳамда шаҳардаги 7 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ҳолидан хабар олди.
Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернатида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилди. Мурғак қалб эгаларига берилган байрам совғалари олам-олам қувонч улашди.
[gallery-12150]
–Ўзбек халқи ҳам азал-азалдан болажон, – дейди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Феруз Ҳамроев. – Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг гувоҳи бўласиз. Истиқлол йилларида мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом қилиб вояга етказиш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугун ҳам Ўзбекистонда байрам. Зеро, болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини барча ўсиб келаётган болажонларга айниқса, муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига ишонч уйғотишдир.
Шаҳар ва туманларнинг истироҳат боғларида, дам олиш масканларида болалар учун байрам концерт дастурлари ўтказилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА