Бола – бу дунё, бола – бу ҳаёт мазмуни. Болалар ўз табассуми билан инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга қизиқиш уйғотади. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғочга ўхшайди.
Мамлакатимизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланиб, келажак эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилади. Ушбу азалий анъанага содиқ қолган ҳолда пойтахтимиздаги Халқаро шахмат федерациясида ҳам ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари учун “Болаларга беринг дунёни” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
[gallery-12089]
Унда сўз олганлар болажонларни байрам билан қутлаш баробарида, келажакда юртга муносиб фарзанд бўлиб етишишлари учун тинмай ўқиб-изланишлари ва ўз касбининг моҳир устаси бўлиб етишишлари кераклигини таъкидлашди.
Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисми бўлган спорт мусобақаларига старт берилди. Унда ҳарбий хизматчилар ва ишчи хизматчиларнинг 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган ёш тоифадаги фарзандлари гуруҳларга бўлиниб, стол тенниси, бадминтон, эстафета, шашка, шахмат, кегли, дартс ва бошқа бир қатор спорт турлари бўйича ўзаро баҳслашди. Ушбу жараёнда ўғил-қизларнинг эпчиллиги, чаққонлиги ва зукколиги синовдан ўтказилди.
Тадбир давомида сарҳадларимиз посбонларининг турмуш ўртоқлари ўртасида ҳам “Энг ибратли она” танлови ўтказилди. Унда ҳарбий оила бекалари ўзларининг жисмоний ҳамда ақлий салоҳияти, шунингдек, пазандалик маҳоратини амалда намоён этди.
Мусобақа якунида натижалар сарҳисоб қилингач, барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида эса ДХХ Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Албатта, ўтказилган тадбирдан олам-олам завқ олган болажонларнинг кўзларидаги қувонч эртанги келажакка ишончдир.
Н.Бозорова, ЎзА