Болажонлар - бутун оламнинг бор шодлигию қувончи. 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади.
Юртимизда ҳам ушбу сана муносабати билан байрам тадбирлари ташкил этилаяпти. Жумладан, Ўзбекистон ХДП ташкилотлари ва депутатлари ҳам байрам тадбирларида фаол иштирок этяпти.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров ташаббуси билан Наманган вилояти Косонсой туманидаги 45-сонли махсус мактаб интернатида “Болаларга беринг дунёни” шиори остида байрам дастури ташкил этилди.
Тадбирда Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров, парламент қуйи палатаси депутати Анвархон Темиров болажонларни байрам билан муборакбод этди.

Вилоят инновацион маданият маркази қошида ташкил этилган “Шўх қизлар” намунали болалар рақс жамоаси томонидан тайёрланган концерт дастури тадбирга кўтаринкилик бахш этди. Истеъдодли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.
Таълим масканига жам бўлган болажонлар учун депутат томонидан байрам дастурхони ёзилиб, уларга байрам совғалари улашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошлоқ туман кенгаши томонидан “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати байрам тадбири ташкил этилди.

Партия туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Турсунбой Солиев бошчилигидаги партия вакиллари аввал хусусий болалар боғчаси тарбияланувчиларини байрам билан табрикладилар. Муассаса тарбияланувчилари томонидан ранг-баранг саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Шундан сўнг партия вакиллари 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Исломжон Алижонов, Асадбек Ғофуров ҳамда Жасурбек Исроиловнинг хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар, байрам билан табриклаб, партия туман Кенгашининг эсдалик совғаларини топширдилар.
М. Комилова, ЎзА