Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ташаббуси билан Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида Тошкент шаҳридаги 37-имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернати тарбияланувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирни Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Даврон Усмонов ва захирадаги полковник Александр Харламовлар очиб берди. Улар нутқи давомида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, болажонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлади.
Шундан сўнг болажонлар Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида ташкил этилган томошага ва ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қурол-аслаҳалар ҳамда ҳарбий техникаларнинг макетлари кўргазмасига таклиф этилди.
Театр олдида улар ҳарбий оркестрнинг жанговар мусиқа садолари остида кутиб олинди. Намойиш этилган “Оловуддиннинг сеҳрли шамчироғи” спектакли эса ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар ўқувчиларга уларнинг дунёқарашини ўстиришга кўмаклашадиган турли ўйинчоқлар, мўйқаламга қизиқадиган ёшлар учун рангли қалам, бўёқ ва кичик мольбертлар, ўқув қуроллари ва спорт анжомлари ҳамда кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун кийим-кечаклар совға қилишди.
– Бугунги кун ўзгача бўлди. Устозларимиз билан театрга кириб келар эканмиз, бизни қарши олган ҳарбий либосдаги инсонларга ҳавасимиз янада ортди. Спектакль ҳам ўзгача. Ундан олган хулосам шу бўлдики, яхшилик доим ёмонлик устидан ғалаба қозонади. Энди янаям кўпроқ яхшилик қилишга ҳаракат қиламан, – деди шу мактаб ўқувчиси Аббос Темиров.
Дарҳақиқат, дунё болалар нигоҳи билан гўзал, яна-да беғубор. Уларнинг шодликларига шерик бўлиб шоир айтганидек, “Болаларга беринг дунёни бир кун” дегингиз келади.
Шоҳсанам НИШОНОВА,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими