Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида болалар ёзувчиси Замира Иброҳимова таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Кечада адабиётшунос олим Раҳматилла Баракаев, филология фанлари докторлари Жумагул Жумабоева, Марҳабо Қўчқорова, Санобар Тўлаганова, Мавлудахон Исҳоқова, шоирлар Ориф Тўхташ, Дилшод Ражаб, Кавсар Турдиева ва бошқалар болалар адабиёти шу йўналишда ижод қилаётган қаламкашлардан янада каттароқ масъулият, маҳорат, болаларнинг беғубор дунёсига ошноликни талаб этишини таъкидлади.
Замира Иброҳимова ўттиз беш йил давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида катта илмий ходим лавозимида фаолият кўрсатган. 1990 йилда “Мактабгача таълим ёшидаги болалар насрининг ғоявий-бадиий хусусиятлари” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
– Замира опанинг ижодий фаолияти болалар адабиёти билан чамбарчас боғлиқ, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Фароғат Худойқулова. – 1980 йилдан бошлаб унинг болаларга бағишланган ҳикоя ва эртаклари матбуот саҳифаларида чоп этила бошланди. “Тиш қурти ҳақида эртак”, “Ҳисобда адашган бола”, “Кўчанинг файзи” асарлари болаларнинг севимли китобига айланди.
Кечада олиманинг “Кичкинтойларга буюк сиймолар ҳақида”, “Биргаликда ўқиймиз”, ”Мактабгача таълим муассасаларида бадиий адабиёт” каби ўқув қўлланмалари бадиий адабиёт билан илмий-методик муштаракликда кенг тадқиқ этилгани алоҳида эътироф қилинди.
– Замира опа ғоят самимий ва камсуқум ижодкор, – деди “Гулхан” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова. – Бугунги кунни болалар адабиёти байрами, десам муболаға бўлмайди. Болалар адабиётининг ҳақиқий фидойисидир. Ижодкорнинг ёзган ҳар бир эртак, ҳикояларида болаларча беғуборлик ва самимийлик мужассам.
Адабий кечада Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўқитувчи ва талабаларининг жонли ижродаги қўшиқлари ва Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг шеърий чиқишлари тингланди.
Тадбирда Темурбеклар мактаби ўқувчиларига ижодкор ўз китобларидан улашди. Ёзувчига эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА