1 июнь – Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
Биз дунёдаги энг болажон халқ эканлигимиз билан фахрланамиз. Имкон бўлса, фарзандларимизга дунёни тортиқ қилгимиз келади. Аммо болаларга дунё эмас, эмин-эркин ўйнайдиган майдонча, бемалол елиб-югурадиган спорт стадионлари кўпроқ керак.
Бироқ, юртимизда қурилишлар авж олгани ортидан нафақат ҳовлилар, балки болалар майдончалари, катта-кичик спорт майдонлари ҳам бузилаётган ҳолатларга дуч келмоқдамиз.
Ваҳоланки, болаларнинг соғлом, руҳан ва жисмонан бақувват бўлиб улғайишини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги масалалардан биридир.
ЎзАга айнан болалар ўйнайдиган майдончалар, спорт билан шуғулланадиган стадионлар билан боғлиқ мурожаатлар келаётгани боис ушбу мавзуда ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказдик. Тўғриси, тармоқ фойдаланувчилари томонидан кутилганидан кўпроқ муаммолар ҳақида маълум қилинди.
Шу ўринда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Юнусобод туманининг 5-мавзесидаги 65 ва 75-кўп қаватли уйлар олдида аҳоли ва қурувчилар ўртасида жанжал акс этган видео тарқалганини ёдга олсак. Бу шов-шувли воқеадан кейин болалар майдончаси ўрнида кўп қаватли уйнинг қурилиш ишлари тўхтатилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибиятининг Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири Саттор Раҳматовнинг айтишича, кенг кўламли қурилишлар туфайли нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятларда ҳам айнан шундай муаммолар кўпайган. Қурилиш ҳар бир бўш жойда олиб борилмоқда. Янги бинолар, уйлар кўпайгани ҳаво оқимини тўсмоқда. Шу билан бирга, болалар ўйингоҳлари ва спорт майдончалари, дам олиш жойлари камайиб бормоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга фуқаролардан ноқонуний қурилишни тўхтатиш, ўйин ва спорт майдончаларини, болаларнинг дам олиш жойларини ноқонуний олиб қўйилишини тўхтатишда ёрдам бериш тўғрисида жамоавий мурожаатлар кўплаб келмоқда.
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддасига мувофиқ, ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғи ҳамда эҳтиёжларига мос келадиган дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуққа эга.
Қонунининг бу талаби амалда етарлича бажарилаяптими? Афсуски...
Мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи Абдумўмин Қултўраев тумандаги 255-сонли мактаб стадиони бузилиб, кимдир эгаллаб олинганини маълум қилди. Майдон ўраб олиниб, дарахт экилган. Бироқ, таассуфки, ниҳоллар қуриб ётибди.
Тумандаги «Тонг» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйлар атрофи биринчи қаватда яшовчи фуқаролар томонидан темир панжаралар билан ўраб олиш авж олган. Бунинг оқибатида бошқалар, айниқса, болаларнинг бемалол ҳаракатланишига тўсиқ яратилган.
– Яшнобод тумани ҳокимлиги ходимларининг талаби билан бу панжалар аввал олиб ташланган эди, – деб ёзади А.Қултўраев. – Орадан ҳеч қанча ўтмай, яна «эски ҳаммом, эски тос» бўлди. Пиёдалар йўлакчалари ҳам талабга жавоб бермайди.

Навоий вилояти Навоий шаҳридан Гулбаҳор Бобомуродованинг бизга маълум қилишича, шаҳардаги Маҳмуд Торобий кўчаси 3-уй олдида қурилган болалар майдончасидаги қурилмалар ачинарли аҳволда. Тақир ва ўйдим-чуқур ерларда бола йиқилиб тушса, жароҳат олиши тайин.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги эса «Болалар майдончаси, стадион? Нима у?» деган кинояли изоҳларни ёзиб қолдирди.
Феруз Аллазов майдоннинг ўзи йўқлигини, торт кесгандай маҳалла «бойвучча»лари уни бўлиб олганини баён қилган. Икром Тўраев эса «Биздан стадионни ҳокимият тортиб олиб, меҳмонхонага берди», деган.
Фарҳод Умаров ҳам «Муаммо йўқ, чунки спорт майдончасининг ўзи йўқ», деб ёзибди.
Ойбек Салаев «Хоразм вилояти Урганч шаҳрида болалар майдончалари қолдими», деган саволни берган?
Фарғоналик Даврон Каримов спорт майдончаси йўқлиги, болалар майдончаси давлат стандарти талабларига жавоб бермаслигини баён этган.
Дурдона Ҳалимова Тошкент шаҳар Сергели тумани Хонобод мавзеси «Қушбеги» маҳалласида болалар майдончаси йўқлигини маълум қилган.
Тошкентлик Нодира Муҳаммедова: «Гулобод» маҳалласида мактаб билан ёнма-ён болалар майдончаси қуриб беришди. Мактабга болалар келадиган йўлакча катталаштирилиб, болалар майдончасини кесиб ўтадиган автойўл ҳам қилишди. Қайси қовоқ калла шуни ўйлаб топди? Биз маҳалладошлар билмаяпмиз...», деган.
Саида Усмонова «Юнусобод тумани «Катта Ҳасанбой» маҳалласида на йўл бор, на болалар майдончаси...», дея ёзган.
Дилором Азизова «Аллон» маҳалласи (Тошкент шаҳри) ҳудудида умуман болалар майдони ҳам, спорт майдони ҳам йўқ. Бўш ерларни олдинги раислар ўзлаштириб олган ёки сотиб юборган...», деган.
Фарҳод Исоқулов «Термизда ҳам катта ўйингоҳлар йўқотиб юборилаётганини, талон-торож қилинаётганини билдирган.
Учтепа туманидан Жамшид Қурбонов 26-мавзе 29-уй олдида майдонча қуришга ваъда беришгани, лекин бажарилмаганини ёзган.
Исматали Қурбонов бир вақтлар ҳоким қарор чиқариб жой ажратилгани, аммо бажарилмагани, ҳозир эса ўша ерга намунали уй қурилганини маълум қилган.
Айрим юртдошларимиз ҳаммаёқ болажонлар майдончаси эмас, машиналар майдони бўлиб кетганини куйиниб ёзган.

Умида Аҳмедова Бектемир тумани Бектемир маҳалласи «Олмос» кўчасида ҳам болалар майдончаси бўлганини, аммо яқинда бузиб ташлашгани, ҳозирги кунда болалар майдончаси йўқлигини билдирган.
Руслан Мухлисов Самарқанд вилояти Иштихон тумани Жўра Маҳмудов кўчасидаги яхши стадион ўрнига боғча қуришди, деб маълум қилган...
Бундай муаммолар битилган изоҳлар жуда кўп. Фақат улардан манзили аниқларини саралаб олишга ҳаракат қилдик.
Гувоҳи бўлганингиздек, болалар майдончалари, стадионлар билан боғлиқ муаммолар кам эмас. Мутасаддилар бу ҳақда ўйлаб кўрадиган, камчилик ва муаммоларни бартараф этадиган вақт келди.
Келажагимиз эгалари бўлган болажонларимиз соғлом ва баркамол бўлиб улғайишини истасангиз, улардан ўйингоҳларни, стадионларини тортиб олманг!
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА