Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Болалардан – болаларга” номли концерт дастури ёз кайфиятини туҳфа этмоқда
21:33 / 2023-06-01

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ушбу шодиёна 1950 йилдан буён бутун дунёда нишонланади. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, энг аввало, катталарга болаларнинг яшаш, фикр ва эътиқод эркинлиги, таълим олиш, ҳордиқ чиқариш ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, жисмоний ва руҳий зўравонликдан ҳимоя қилиш зарурлигини эслатиб туради.

Ёзнинг биринчи кунига тўғри келадиган мазкур муҳим байрам юртимиз ёшлари, жажжи болажонларга ўзгача кайфият, рух бағишлайди. Ота-оналар фарзанднинг жамиятдаги ўрни, келажакдаги муваффақияти йўлида ҳар қандай хурсандчиликни яратиб беришга тайёр экани қувонарли.

Бугун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги истироҳат боғлари, хиёбонларда болалар иштирокида концертлар, спорт ўйинлари, маданий дастурлар ўтказилмоқда.

Жумладан, айни пайтда айём муносабати билан Тошкент шаҳрида ҳам Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ёнидаги очиқ майдонда “Болалардан – болаларга” номли концерт дастури бўлиб ўтмоқда.

[gallery-12175]

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда таниқли ижодий жамоалар – “Аладдин”, “Мелодия” студиялари ва “Ария” ижодий устахонаси, шунингдек, Жасур Мирсагатов ва “САҲАР” гуруҳи вакиллари ижросидаги қизиқарли чиқишлар кўнгилларни хушнуд этмоқда.

Шодиёнанинг жажжи меҳмонлари учун нафақат ёрқин эстрада томошаси, балки болалар ўзларининг севимли қаҳрамонлари билан учрашувлари, ўйин ва танловлардан иборат қатор тадбирлар ҳам ўтказиляпти.

Байрамона концерт дастури пойтахтимиздаги болажонларга мусиқий туҳфа бўлиб, ёш тингловчиларнинг санъат ва ижодга қизиқишини уйғотади, дейиш мумкин. Фарзандлар юзида акс этаётган табассум ҳеч бир ота-онани бефарқ қолдирмайди. Улар диёримизда ташкил этилаётган қизиқарли, ёшларга мўлжалланган кўнгилочар тадбирлар янада кўпайишига тилакдош эканини билдирмоқда.

– Ўзбекистонимизга тўйлар, байрамлар ярашади. Бугун фарзандим кўзидаги қувончни кўриб, нақадар бахтли эканимни ҳис қилдим, – дейди тадбирда иштирок этаётган уч нафар фарзанднинг онаси Нодира Каримова. – Ёзнинг илк кунида нишонланаётган болалар куни фарзандларим учун улкан хурсандчиликни тақдим этмоқда, десам адашмайман. Юртимиз тинч бўлсин, осмонимиз мусаффо. Ташкилотчиларга эса алоҳида миннатдорлигимни билдираман.

Дарҳақиқат, ўзбек халқи азал-азалдан болажонларга меҳр-мурувват кўрсатиб келадиган бой халқ. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг гувоҳи бўласиз. Ренессанс даврида, айниқса, мамлакатимизда болалар манфаатини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом қилиб вояга етказиш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Беҳруз Худойбердиев, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА