Туғма юрак нуқсони билан дунёга келган бухоролик болалар ва уларнинг ота-оналари орзулари рўёбга чиқмоқда.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида илк бор мураккаб туғма юрак нуқсони билан туғилган болада кардиохирургик операция амалга оширилди. Мазкур мураккаб жарроҳлик амалиёти марказнинг жарроҳ ва реаниматологлари билан бирга, профессор Ҳакимжон Абралов бошчилигидаги мутахассис врачлар гуруҳи томонидан бажарилди.
Айтиш жоизки, яқин-яқингача юрак туғма нуқсони билан оғриган беморларнинг аксарияти бошқа шаҳарларга, жумладан, Тошкент шаҳрига, чет давлатлардаги тиббиёт муассасаларида даволанишга мажбур эди.
[gallery-14766]
Аммо эндиликда давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу борадаги ислоҳот ва янгиланишлар туфайли ҳаммаси ўзгарди.
Тизимда рўй бераётган туб ўзгаришлар натижасида марказга бир гуруҳ кардиожарроҳлар, кардиоанестезиолог ва перфузиолог мутахассислар жалб қилинди. Бўлимда туғма юрак нуқсони бўлган болаларда юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш бошланди. Бу билан табиийки, даволанишга муҳтож аҳолининг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилди.
Тиббиёт маркази аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган стационар, амбулатория консультатив-диагностика тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаси сифатида сунъий қон ҳайдовчи – АИК тиббий ускунасига эга бўлди. Юқори аниқликда ишловчи бу ускунадан самарали фойдаланувчи тажрибали врач мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.
Айни пайтда вилоятда туғма юрак нуқсонлари билан тиббий назоратга олинган болалардан 730 нафари юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож. Бу борада сўнгги икки йилда 300 нафарга яқин бемор бола Тошкент тиббиёт клиникаларида муваффақиятли операция қилинган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари