Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилинади
15:28 / 2025-06-12

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини назорат қилишда депутатларнинг ўрни” мавзусига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинардан кўзланган мақсад – маҳаллий кенгашлар депутатларининг соҳа бўйича қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар юзасидан назарий билимларини ҳамда амалий кўникмаларини ошириш ҳамда мазкур қонуннинг ҳудудларда самарали ижро этилиши устидан депутатлик назоратини олиб боришдан иборат.

Тадбирда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил,  масъул ташкилотлар вакилларининг мавзуга доир маърузалари ҳамда сенаторлар, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзоларининг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Таъкидланганидек, ҳудудларда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу борадаги фаолияти улкан аҳамиятга эга.

2024 йил ноябрь ойида қабул қилинган ва жорий йилнинг 15 май куни кучга кирган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга оид нормалар қонунчиликка киритилди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунга кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилларини тайинлаш белгиланди. Шу муносабат билан Болалар омбудсмани томонидан барча ҳудудларда тайинланган вакиллар семинар иштирокчиларига таништирилди. Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакиллари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар ҳамда ҳуқуқлари ва вазифалари бўйича тушунтиришлар берилди.

Семинар давомида қонуннинг ижросини депутатлар томонидан назорат қилиб бориш муҳимлиги таъкидланиб, бир қатор тавсиялар илгари сурилди.

Хусусан, қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш, ҳудудларда ижро этилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш масалаларини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб бориш, шунингдек, минтақавий вакилларнинг тегишли ҳудудда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисидаги маърузаларини кўриб чиқиш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА