Андижонда болалар жарроҳлиги масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Болалар жарроҳлари минтақалараро жамияти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида Андижон вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган анжуманда жамият аъзолари, Пирогов номидаги Россия илмий тадқиқот тиббиёт университети Болалар жарроҳлиги хирургияси кафедраси мутахассислари, мамлакатимизда ва Қирғизистонда фаолият олиб бораётган болалар хирургияси соҳаси шифокорлари, Андижон давлат тиббиёт институти талаба ва магистрлари иштирок этди.
– Айни кунда болалар жарроҳлиги соҳасида замонавий тиббий технологиялар, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, амалиётга илғор тажрибаларни жорий этиш, бу борадаги хорижий тажрибаларни ўрганиш муҳим ва долзарб масалалардан ҳисобланади, – дейди Андижон вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Низомиддин Норматов. – Йиғилишда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари, халқаро ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама этилди.
Анжуманда мутахассислар томонидан болаларда эндоскопик операциялар, шошилинч ҳолатларда болаларда лапароскопия текширувларини ўтказиш имкониятлари, болалар жарроҳлиги билан боғлиқ хасталикларни самарали даволаш ва соҳага оид қатор мавзуларда маърузалар ўқилди.
[gallery-15629]
Иштирокчилар маърузалар ҳамда мазкур соҳадаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, илғор тажриба ҳамда иш услубларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Анжуман доирасида Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида россиялик, Қирғизистон ва юртимиз мутахассислари иштирокида аноректал туғма нуқсони бўлган беш нафар болада мураккаб турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу борада хорижлик мутахассисларнинг тажрибалари ўрганилди.
Шунингдек, хорижлик мутахассислар томонидан Андижон давлат тиббиёт институти талабалари ва магистрлари учун маҳорат дарслари ўтказилди.
– Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилаётганимдан хурсандман, – дейди россиялик болалар жарроҳи Намир Ал Машхат. – Юртингизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар хирургияси соҳасида эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиш керак. Ишонаманки, ушбу ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдалидир.
Анжуман болалар хирургияси соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, мазкур йўналишдги ишларни такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мутахассисларининг билим ва тажрибаларини бойитиш, хусусан, ҳозирга кунда асосан Тошкентда ўтказилаётган болалар жарроҳлик амалиётларини Фарғона водийси вилоятларининг ўзида амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари