Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни зўравонликдан асраш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу йўналишда қабул қилинаётган қонунлар, ишлаб чиқилаётган стратегия ва дастурлар болаларнинг хавфсиз ва муносиб муҳитда камол топишини таъминлашга қаратилган.
Хўш, нима учун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш Ўзбекистон миллий тараққиётининг устувор йўналиши ҳисобланади?
Мазкур савол юзасидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштирувчи Регина Кастижио жавоб берди.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида туб бурилиш амалга оширилди, – дейди Регина Кастижио. – Зўравонликка қарши махсус қонун қабул қилинди, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва адлия соҳаларидаги хизматларни ягона ёндашув асосида мувофиқлаштирувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. 2030 йилгача мўлжалланган миллий ривожланиш стратегияси лойиҳасида болалар хавфсизлиги мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи устувор масала сифатида белгилангани эса болаларни ҳимоя қилиш фақат ижтимоий вазифа эмас, балки миллий тараққиётнинг муҳим шарти эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, ҳақиқий натижа қонунларда эмас, балки ҳар бир боланинг кундалик ҳаётида намоён бўлиши, болаларнинг ўз фикрини эркин билдириши, ҳурмат қилиниши ва камситилмаслиги таъминланишида ифодаланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА