English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси Сурхондарёда
18:37 / 2022-12-20

ФОТОРЕПОРТАЖ

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида амалга ошириб келаётган “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида давом этмоқда.

Ушбу глобал ташаббус болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини тан олиш ҳамда бу орқали уларнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг ўз фаолиятини болалар ва ёшларга мос тарзда режалаштириш, ресурсларни тақсимлаш ва назорат қилишини қўллаб-қувватлайди.

Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва кўмаги билан ёшлар сиёсати бўйича 6 та қонун, 15 та фармон, 15 та қарор ҳамда 2 та фармойиш қабул қилинди. Шунингдек, ҳукуматнинг 35 дан ортиқ қарори ва 4 та фармойиши имзоланди. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди. Ёшлар билан ишлаш тўрт босқичда: маҳалла – туман/шаҳар – вилоят – республика даражасида яхлит вертикал бошқарув тизими асосида амалга оширилмоқда. Бунинг учун республиканинг барча маҳаллаларида фаолиятини бошлаган ёшлар етакчилари иш олиб бормоқда.

[gallery-10025]

“Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси ишчи гуруҳи томонидан барча тоифадаги ёшлар (ногиронлиги бор, кам таъминланган, оғир шароитда қолган, ишсиз, талаба, уюшмаган ёшлар, мактаб ёшдаги болалар) билан маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Натижада ёшларга оид устувор таклифлар аниқланди ва 2023 йил учун “Ҳаракатлар режаси”га киритилди.

Таъкидлаш керак, “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусини амалга ошириш учун республикамизнинг 6 та шаҳри танлаб олинган. Сентябрь ойида барча танланган шаҳарларда ёшларга оид вазиятни ўрганиш ва илк баҳолаш ишлари олиб борилди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг ёшлар учун яратилган ўзига хос, турли шароитлари мавжудлиги намоён бўлди.

Ташаббус доирасида “Ёш маслаҳатчилар кенгаши” тузилди. Кенгашга ҳар бир ҳудуддан 8 нафардан фаол ёшлар аъзо қилинди.

Тадбир якунида жорий этилган механизмлар ҳамда ёндашувларни доимий тарзда қўллашга келишиб олинди.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА