Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар ва катталар учун қўшимча таълимнинг янги ҳуқуқий имкониятлари кенгайди
17:19 / 2025-11-04

Мактаб ёшидаги болалар билан тенг равишда катта ёшдагиларнинг ҳам билим олишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганлигини инобатга олиб, уларга ҳам ўқув марказлари, ахборот-кутубхона ва соғломлаштириш таълим ташкилотлари томонидан таълим хизматлари кўрсатилмоқда.

Таълимнинг асосий принципларидан бири бўлмиш инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши аҳолининг барча қатламини тўлиқ қамраб олинмаган эди. Хусусан, ёши катта аҳоли қатламининг таълим муассаларидаги ахборот-кутубхоналаридан тўлиқ фойдаланилмас эди.

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим хизматларини кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, болалар ва катталарнинг ўқишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини ҳисобга олиб, қўшимча таълимнинг аниқ ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарур.

Мазкур Қонун билан 5 та қонун ҳужжатларига мактабдан ташқари таълимни қўшимча таълим билан алмаштиришни, ушбу соҳадаги фаолият тўғрисида хабардор қилиш тартибини тасдиқлашни, шунингдек ваколатли органларни белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан,

1) 2020 йил 23 сентябрьдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 11 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра:

а) Қўшимча таълим болалар ва катта ёшдагиларнинг ижодий қобилиятини шакллантиришга ҳамда касбий кўникмаларини ривожлантиришга, интеллектуал ва жисмоний такомиллашувга бўлган индивидуал эҳтиёжларини қаноатлантиришга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, соғлиғини мустаҳкамлашга ва бўш вақтларини самарали ташкил этишга қаратилган. У болалар учун қўшимча таълимни ҳамда катта ёшдагилар учун қўшимча таълимни ўз ичига олади.

Катта ёшдагилар учун қўшимча таълим уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, қўшимча билим ва кўникмаларни эгаллашига кўмаклашиш учун ташкил этилади.

Қўшимча таълим бериш тартиби таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланади;

б) катта ёшдагилар учун қўшимча таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шаклидаги фаолият эса Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини белгиланган тартибда хабардор қилиш орқали амалга оширилади;

2) 2021 йил 14 июльдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунининг иккита иловасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мазкур Қонун билан тасдиқланган Ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турларининг 11-позициясидаги “Мактабдан ташқари таълим фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома” хабарноманинг номи “Қўшимча таълим фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома” билан алмаштирилди.  

Бундан ташқари Хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар қаторига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам киритилди.

Мазкур Қонун нафақат болаларнинг, балки барча ёшдаги фуқароларнинг қўшимча таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, уларнинг қўшимча касбий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) эълон қилинган ва 2025 йил 24 октябрдан кучга кирди.

Файзиев Фаррухжон,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги  
Юридик таъминлаш бўлими бошлиғи