Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар учун янги спектакль яратилмоқда
12:08 / 2026-01-26

Андижон вилояти қўғирчоқ театрида болалар учун яна бир янги спектакль яратилмоқда. Маданият вазирлиги ташаббуси билан илк маротаба ўтказилган “Нигоҳ – 2023” Республика ижодкорлар семинарида ғолиб бўлган “Қафасдаги орзулар” пьесаси устида актёрлар билан бирга саҳна асарини ўқиш (читка) жараёнлари бошланди.

Мазкур саҳна асари муаллифлари – Мансурбек Рўзиев ва Достонбек Раҳматуллаев. Саҳналаштирувчи режиссёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Баҳодир Жабборов.      

“Қафасдаги орзулар” саҳна асарида  кичик ёшдаги болаларнинг беғубор орзулари, қалбидан кечаётган ҳислари қизиқарли воқеалар воситасида кўрсатилади.

–   Мазкур асарда  азалий мезон – эзгулик ҳар доим ёвузликнинг устидан ғалаба қозониши акс этган, – дейди пьеса муаллифи, Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри адабий бўлим мудири Достонбек Раҳматуллаев. –  Ундаги воқеалар эртакнамо бўлиб, болаларнинг тасаввурини янада бойитишга, улар қалбида беғубор орзулар ва эзгуликни тобора мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилади. Ўйлайманки, Мансурбек Рўзиев билан ҳаммуаллифликдаги  “Қафасдаги орзулар” асаримиз ҳам томошабинлар қалбидан жой эгаллайди.          

Д.Раҳматуллаевнинг илк  пьесаси “Алифбени излаб” деб номланиб, Андижон вилояти қўғирчоқ театрида муваффақиятли саҳналаштирилганди. Бу спектакль ҳозирда ҳам театр репертуарининг энг муваффақиятли  саҳна асарлари қаторида жой олган.          

Олдинда театр жамоаси томонидан қўғирчоқлар, декорациялар ясаш, саҳнада репетиция жараёнлари ўтказишдек масъулиятли ишлар  турибди. Саҳна асарининг премьераси март ойида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.              

Н.Усмонова,

ЎзА