Ўзбекистон Президентининг адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тегишли топшириқлари асосида АОКА томонидан болалар учун машҳур алломаларнинг илмий-маърифий мероси, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятига бағишланган, иллюстрацияли, ихчам янги номдаги асарлар яратиш дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, жорий йилда 50 та болалар ва ўсмирлар ижодкорларининг асарларини ижтимоий буюртма сифатида чоп этиш, шунингдек, 2025-2030 йилларда ҳар йили энг камида 50 нафарга яқин ижодкорга ижтимоий буюртма бериш режалаштирилган.

АОКАда Болалар ва ўсмирлар ёзувчилари билан ижтимоий буюртма асосида шартнома тузиш юзасидан бўлиб ўтган учрашувда ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида дастлабки босқичда 15 та асар учун ижтимоий буюртма асосида 30 фоизлик гонорар тўлови бўйича шартномалар имзоланди.

– Дастлабки босқичда Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Амир Темур, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Турсунбой Адашбоев каби буюк аждодларимизнинг болалиги, уларнинг кўрсатган жасорати, юрт равнақи йўлида амалга оширган хайрли ишларини фарзандларимизга болалар тилида етказишни ният қилганмиз, – деди Агентлик директорининг ўринбосари Ғ.Бозоров. – Шу орқали ёш авлодни улуғ аждодларимизнинг илмий-маърифий ва маънавий мероси билан янада кенгроқ таништириш, уларнинг ибратли ҳаётига бағишланган ихчам ва рангли асарлар яратиш орқали миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантириш, шунингдек, болалар адибларининг ижодий фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий адабиётни ривожлантириш мақсад қилинган.
ЎзА