Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 100-сонли ДМТТда "Болалар учун инновациялар" дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди – болаларни ривожлантириш учун инновацион ускуналар намойиш этилди.
Тақдимот маросимида мактабгача таълим вазири Агриппина Шин иштирок этиб, мазкур дастур болаларнинг қобилиятларини кенг ривожлантиришга катта ёрдам беришини таъкидлади.
Дарҳақиқат, ушбу ускуналар ёрдамида болалар табиат ва табиат ҳодисалари билан танишади. Оламни, атрофдаги муҳитни, жўғрофияни, ернинг тузилишини, ранглар ва шаклларни ўрганади. Нутқ терапияси ва дефектологик вазифаларни бажарувчи “ақлли ойна” ускуналари нутқ бузилиши бўлган болаларга ёрдам бериш учун ўрнатилган бўлиб, "Magnum" интерактив гиламча ўз ичига ўйинлар ва замонавий технологияларни бирлаштиради, боланинг тасаввурини ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиради.
Тақдимотдан сўнг вазир мустақиллик байрами арафасида очилган мазкур янги МТТни кўздан кечирди. 360 ўринга мўлжалланган ушбу боғча, инвестиция дастури асосида 9 миллиард 300 миллион 758 минг 191 сўмга қайтадан қуриб ишга туширилди.
М.Қосимова,
ЎзА