Ҳамкорларимиз саҳифаларида
БАА “WAM” ахборот агентлиги хабарига қараганда, Дубай келажак жамғармаси (DFF) “Ҳинда ва Муҳаммаднинг келажакка саёҳати” номли китобни нашрдан чиқарган. Комикслар туркумининг биринчиси бўлган бу асарда синфдошларига ўз орзуларини айтиб бериш вазифаси юкланган Ҳинда ва Муҳаммад саргузашти ҳикоя қилинади. Болаларни руҳан ҳамда жисмонан келажакка тайёрлашга ёрдам берадиган қимматли ҳаётий ўгитлар, ҳикматлар, тушунчалар билан бойитилган ушбу интерактив китоб фарзандларимиз истеъдодини очишга қаратилган.
- Ҳинда ва Муҳаммаднинг ҳикояси болажонлар ўз қобилиятини намоён этиши, мулоқот тажрибасига эга бўлиши учун муҳим воситадир, - дейди Дубай келажак жамғармаси бош директори ўринбосари Абдулазиз Ал Жазирий. - Бундан ташқари, асар ўғил-қизларда танқидий фикрлаш ҳаётий кўникмасини ҳосил қилади, уларга порлоқ келажакни тасаввур этишда кўмаклашади. Рангли суратлар билан безатилган болалар адабиёти намунаси ўқувчини бугунги кунни теран англашга, чуқур фикрлашга ундайди.
Унинг таъкидлашича, БАА раҳбарияти сўнгги йилларда болаларга мўлжалланган китоблар нашр этишга устувор аҳамият қаратмоқда. Зеро, адабиёт янги авлод таълим-тарбиясида муҳим ўрин тутади. Бугунги болалар келгуси эллик йил давомида мамлакат тараққиётини таъминлашга сафарбар этилувчи кадрлар экани шубҳасиз.
Истеъдодли дизайнер Ҳавла Ал Муҳайрий томонидан безалган бу асар 20 саҳифали ҳикоядан иборат. Шунингдек, китобда мактуб ёзишга мўлжалланган саҳифа ва махсус рангли стикерлар ҳам бор.
Дарвоқе, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан араб ва инглиз тилларидаги 300 000 дан зиёд болалар китоби DFF, Билим ва инсон тараққиёти бошқармаси (KHDA) ҳамда Амирликлар мактаблари институти (ESE) ҳамкорлигида БААдаги давлат ва хусусий мактабларда ўқийдиган 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга тарқатилди.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
ЎзА