Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Imkon” реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ногиронлиги бўлган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун бепул реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда.
Марказда турли тоифадаги болалар билан замонавий усуллар асосида иш олиб борилади. Хусусан, кўриш ва эшитишида нуқсони бўлган, ақлий ва руҳий ривожланишида муаммолари мавжуд ҳамда таянч-ҳаракат тизими бузилган болалар учун индивидуал ва гуруҳ машғулотлари ташкил этилган.

Айни пайтда марказда жами 15 турдаги реабилитация хизматлари йўлга қўйилган. Улар орасида дефектолог ва психолог машғулотлари, арт ва мусиқа терапияси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий мослашув, сенсор интеграция, эртак терапияси, жисмоний тарбия, офтальмолог кўриги, автоматлаштирилган реабилитация симуляторлари (мотомед), акватерапия, жисмоний машқлар билан даволаш (ЛФК), физиотерапия ҳамда массаж хизматлари мавжуд.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай комплекс ёндашув болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятга мослаштириш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида, реабилитация хизматларидан фойдаланиш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тўғридан-тўғри “Imkon” реабилитация марказига мурожаат қилиши мумкин.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири