Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент туманида бир қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Ана шундай масканлардан бири барча қулайликларга эга перинатал маркази.
Масканнинг очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов, туман фаоллари, соҳа мутахассислари қатнашди.
Тошкент тумани туғуруқ мажмуаси 110 ўринга мўлжалланган эди. Фақатгина туман аҳолисига хизмат кўрсатар эди. Бу ерда туғилган кам вазнли чақалоқлар Республика муассасаларига ёки Чирчиқ шаҳридаги вилоят перинатал марказига жойлаштирилар эди.
Мавжуд шароитни эътиборга олиб бинолар қайта таъмирланди ва республикадаги ташкил этилиши лозим бўлган қирқ олтита туманлараро перинатал марказлари рўйхатига Тошкент тумани туғуруқ комплекси ҳам киритилди. Эндиликда бу ерда муддатидан аввал туғилган гўдаклар учун ихтисослаштирилган реанимацион ва интенсив хизматларни кўрсатиш, кам вазнли чақалоқларни парваришлаш, реабилитация қилиш, экстрагенитал касаллиги бўлган ҳамда асоратли туғиши кутилаётган ҳомиладор аёллар учун малакали тиббий хизмат кўрсатилади.
[gallery-12161]
Марказда мавжуд бўлган бўлимлар билан биргаликда қўшимча ўн ўринли “Чақалоқлар паталогияси” ва олти ўринли чақалоқлар реанимацияси бўлимлари ташкил этилди. Марказ замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар билан тўлиқ жиҳозланди. Бунинг учун ажратилган маблағ 2,1 миллиард сўмни ташкил этди. Туманлараро перинатал марказида Тошкент, Қибрай ва Зангиота тумани аёлларига, жумладан, юқори хавфли перинатал асоратлари бўлган ҳомиладор ва туққан аёллар хамда янги дунёга келган чақалоқларга юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади.
Тадбир иштирокчилари марказда яратилган шароитлар билан танишди. Маълумки, охирги пайтларда давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши учун зарур шароитлар яратиш, соҳага хусусий секторни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарор ижроси бўйича бугун туманда 560 ўринга мўлжалланган “Ҳасанбой” МФЙ ҳудудидаги 9-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади. Бу боғча 1939 йилда қурилган бўлиб, 140 ўринга мослаштирилган эди. Бироқ йил сайин қамровнинг ортиши туфайли давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳа учун 10 миллиард сўм ажратилди ва янги замонавий бино қурилди.
Болалар учун кун давомида турли спорт, хорижий тилларни ўрганиш тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ушбу мактабгача таълим ташкилотига “Ҳасанбой”, “Ҳасанбой гузари” “Баҳор” ҳамда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳудудларидан боғча ёшидаги болалар қамраб олинади. Ҳозирда ушбу ҳудудлардаги жами 3-7 ёшли 874 нафар болаларнинг 293 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин барчани байрам билан табриклади.
А. МУСАЕВ, Д.ЭРНАЗАРОВ (сурат), ЎзА.