Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 2025 йилда “Ўзбекистон нашриёти” давлат муассасаси томонидан “Буюклар ҳаёти — ёшларга ибрат” шиори остида “Буюклар болалиги” туркумидаги ижтимоий буюртма лойиҳаси асосида нашр этилган янги 13 номдаги китоблар тақдимоти ўтказилди.
Китоб ва маърифат байрами тарзида ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, “Ўзбекистон нашриёти” давлат муассасаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда эътироф этилганидек, кейинги йилларда юртимизда болалар адабиётига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, нашриётларда энг кичик ёшдан то балоғат ёшидаги ўсмирлар учун мўлжалланган турли йўналиш ва жанрлардаги адабий-бадиий, илмий-маърифий, ўқув-методик ҳамда энциклопедик китоблар, луғат ва маълумотномалар ассортименти йилдан-йилга бойиб бормоқда.
Бундан ўн йиллар илгари болалар адабиёти дейилганда фақат эртак ва топишмоқлардан иборат такрор ва такрор нашр этиладиган мўъжаз тўпламлар тушунилган бўлса, бугунга келиб юртимиз китоб бозорида мутлақо бошқача ҳолат кузатилмоқда.

Тадбир ташкилотчилари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда янгидан ташкил этилганининг 5 йиллигини нишонлаган “Ўзбекистон нашриёти”да ҳар йили 150–200 номдаги, жами 750 000–1000000 нусхадан ортиқ турли йўналишдаги китоблар нашр этиб келинади.
2024-2025 йиллар мобайнида мазкур ижодий жамоада “Китобхон болалар” рукнида 70 дан ортиқ, “Буюклар болалиги” рукнида эса 20 номдаги янги китоблар нашрга тайёрланди. Нашр режасидан ўрин олган китоблар орасида нафақат ўзбек тилида ижод қиладиган ёзувчилар, балки республикамизда яшаб келаётган рус ҳамда қорақалпоқ тилларида ижод қилувчи ижодкорларнинг болалар учун яратилган энг сара асарлари ҳам ўрин олган.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур китоблар матбаачиликнинг энг замонавий сифат даражасида, халқаро стандартларга мувофиқ равишда чоп этилди. Шунингдек, гўзал дизайнга эга, бир-биридан чиройли иллюстрациялар билан зийнатланган китоблар харидорбоп, арзон нархларда савдога чиқарилди.
Тақдимоти ўтказилган 13 номдаги янги асарлар “Буюклар болалиги” ижтимоий лойиҳаси асосида чоп этилган китоблар бўлиб, улар шонли тарихимизни ўзларининг ибратли ҳаёти билан безаган Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Беруний, Ибн Сино, Паҳлавон Маҳмуд, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний каби алломалар ҳақида ҳикоя қилади.

Шу билан бирга нафақат олис тарих, балки шундоққина ёнимизда яшаган, куни кеча адабиётимиз хазинасини ўзларининг қувноқ ва маърифий-тарбиявий асарлари билан тўлдирган Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев каби беназир адибларнинг болалиги ҳақидаги қиссалар ҳам ёшларга манзур бўладиган ибрат мактаби бўлиши шубҳасиз.
Тақдимот тадбири дастурига мувофиқ, ушбу адабий-маърифий анжуманда бир қатор маърузалар тингланди. “Ўзбекистон нашриёти” фаолияти билан боғлиқ ахборот, тарғибот мазмунидаги видеороликлар намойиш этилди. Янги асарлари тақдим этилган шоир ва ёзувчиларнинг, ношир-мутахассисларнинг ўқувчилар билан бевосита савол-жавоблари, шунингдек “ЎзДавКитоб савдо” ташкилоти томонидан китоб ярмаркаси уюштирилди.




Н.Усмонова, ЎзА