Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар тиббий кўрикдан ўтказилди
17:34 / 2025-11-28

ФОТОРЕПОРТАЖ

Жиззах вилояти прокуратураси ташаббуси билан “Мунтазам текширув – фарзандингиз соғлигига ғамхўрлик қилишда муҳим қадамдир” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Тадбир Мирзачўл ва Зарбдор туманларидаги 18 ёшгача бўлган болаларни қамраб олди.

Мирзачўл туман Марказий поликлиникасида ўтказилган тиббий кўрикка қўшни Дўстлик, Арнасой, Пахтакор ва Зафаробод туманларидан ҳам болалар жалб этилиб, улар чуқур текширувдан ўтказилди.

– Бугунги чуқурлаштирилган тиббий кўрикка Самарқанд вилоятидан ҳам бир гуруҳ профессорлар таклиф этилди, - дейди Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Содиқ Бобобеков. – Туманимизда 50 мингга яқин аҳоли яшaйди, шундан 18 ёшгача бўлганлар 2 минг нафарга яқинни ташкил этади. Уларга зарур тиббий хизмат ва маслаҳатлар берилди. Қўшни туманлардан келган фуқаролар учун махсус автотранспорт воситалари жалб этилди.

– Бугунги кўрикка икки нафар фарзандимни олиб келдим, - дейди Шохида Шодмонова. – Невропатолог кўригидан ўтдик. Хулосалар яхши чиқди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Ҳар бир она учун фарзандининг соғлом бўлиши катта бахт. Давлатимиз томонидан ташкил этилаётган бундай тиббий кўрикларда фаол қатнашиб туриш керак, деб ҳисоблайман.

[gallery-26472]

Зарбдор туманидаги оилавий поликлиникада 1-мактаб-интернатининг 150 нафарга яқин имконияти чекланган болалари ҳамда 3-умумтаълим мактабининг 150 нафардан зиёд ўқувчиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, Шароф Рашидов, Зомин, Янгиобод, Ғаллаорол, Бахмал ва Зарбдор туманларидаги болалар ҳам мазкур жараёнга жалб этилди.

Икки кун давом этган текширувлар давомида 6 минг 250 нафардан зиёд бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Жараёнда болаларнинг умумий соғлиги, сурункали хасталиклари, ўсиш ва ривожланиш ҳолати чуқур ўрганилди. Ташҳислар асосида шифокорлар ота-оналарга тегишли тавсиялар берди. Даволаниш ёки жарроҳлик амалиётига муҳтож болалар эса қўшимча назоратга олиниб, кейинги босқичдаги даволаниш муассасаларига йўналтирилди.

Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА