Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази томонидан 2019 йилдан буён анъанавий равишда болалар расмлари кўргазмаси ўтказилиб келинмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида Марказ томонидан “Дунё – болалар нигоҳида”, “Рангларнинг сеҳрли дунёси”, “Яхшилик ва тинчлик диёри”, “Заминда тинчлик – бизнинг қўлимизда”, “Табиатни биргаликда асрайлик” мавзуларида ташкилотга аъзо давлатлар болаларининг ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилди.

Ушбу анъананинг давоми сифатида жорий йилда ҳам Марказ томонидан “Эртаклар оламида” VI болалар расмлари танлови эълон қилинган эди. Ташкилотга аъзо давлатлардаги болалар ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг халқ оғзаки ижодиётига бўлган қизиқишини ошириш, тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғояларини кенг тарғиб этиш, ёш авлод ўртасида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган лойиҳага еттита давлат, шу билан бирга юртимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 3700 дан ортиқ ижодий иш қабул қилинди.
Мазкур ижод намуналари билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида “Эртаклар оламида” VI ШҲТ болалар расмлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар вакиллари, тажрибали рассом ва ёзувчилар ҳамда ижодий ишлар муаллифлари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Кўргазмада ёш истеъдод эгаларининг эртак ва афсоналар сеҳрли оламини ўзида мужассам этган ижодий ишлари ўрин олди. Aйтиш жоизки, ушбу тадбир ШҲТга аъзо давлатлар ёш ижодкорларининг мулоқот майдонига айланди.

Қувонарлиси, ёш рассомлар ижод намуналарида нафақат ўз миллий эртак қаҳрамонларини акс эттиришган, балки турли миллатлар халқ оғзаки ижоди намуналарини ҳам тасвирлаган. Ижодий ишлар болалар тасаввур дунёсининг чегараси йўқлигини ва ҳар ким ўз эртак оламининг яратувчисига айланиши мумкинлигини кўрсатди.
Ҳакамлар ҳайъати учун ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Юқори савиядаги ижодий ишлар сонининг кўплиги боис, танлов ташкилий қўмитаси томонидан қўшимча номинациялар жорий этилди. Якуний натижаларга кўра, бир гуруҳ иштирокчилар танлов ғолиб ва совриндорлари сифатида эътироф этилди ва тақдирланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрининг “Эртаклар оламида” театрлаштирилган дастури ҳамда Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, болаларнинг санъатга бўлган иштиёқи ва иқтидорини аниқлаш, доимий қўллаб-қувватлаш ҳамда янги имкониятлар эшигини очишда бундай кўргазмаларнинг ўрни беқиёс.
Н.Усмонова, ЎзА