Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар шоири ўлмайди!​
21:50 / 2020-04-12

Болалик кунларимдан сўз очсам, бу инсоннинг номини тилга олмай иложим йўқ.


Адабиётимизнинг яна бир забардаст устунларидан бири, беназир ижодкор, Ўзбекистон Халқ шоири, юртимиз болажонларининг севимли адиби, устоз Анвар ОБИДЖОН сафимизни тарк этди. Ижтимоий тармоқларда у инсоннинг фақат ўзигагина хос бўлган қирраларини ёдга олишиб, кўп яхши сўзлар айтилди, обод охират тиланди. Чунки Анвар Обиджон ижоди ўқувчилик чоғларимдан мен билан ҳамроҳ. 

Болалик кунларимдан сўз очсам, бу инсоннинг номини тилга олмай иложим йўқ. Зеро, қўлида китоб олиб юрган болани кўрсангиз, “қанақа китоб ўқияпсан, бу кимнинг асари?” деб сўрашингиз табиий. Шу маънода мен ҳам устоз адибнинг бир-биридан қувноқ асарларини мутолаа қилиб, қисқа, аммо сермазмун шеърларини ёд олиб, катта бўлганман ва бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Болалар ва ўсмирлар адабиёти” кенгашимизнинг Отахон ижодкорларидан эди.

Ҳар қандай йўсинда отахонлардан маслаҳат олинади. Шу кунга қадар раҳматли. Устоз Анвар Обиджон ҳамда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, ҳаммамиз учун севимли ва ардоқли адиб Худойберди Тўхтабоевни (умрлари зиёда бўлсин!) катта таянч билиб, кўрсатган йўл-йўриқларини Кенгашимизнинг ҳар бир фаолиятида қўллаб келаётган эдик...

Ўтган йилнинг охирларида раҳматли отамни тупроққа қўйган эдим. Бу йилнинг илк баҳор кунларида эса отамнинг сафдош дўстларидан бўлган забардаст шоир Азим Суюнни “бериб қўйдик”. Яқинда... хуллас, кўнгил яраларим яна янгиланди.

Анвар ака жуда маданиятли инсон эдилар. Давраларда ҳам сўз берилса, қисқагина қилиб, гапнинг мағиз жойини топиб айтардилар. Кези келганда, водий халқига хос пайровларнинг ҳам устаси эдилар.

Аёлим билан устоз ижодкорни ёдга олдик. Аёлим ҳам телевидениеда ишлаб, кўрсатувга чақирганини, устоз эса суҳбат якунида ўзи ҳақидаги янги бир китоб тақдим этганини айтиб, ўша китобдаги қизиқ воқеаларни эслашган эдик. Ўшанда қизимнинг номига дастхат ҳам ёзиб берган экан, раҳматли.

Куннинг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқда нохуш хабар тарқалди. Сесканиб кетдик. Асло ишонгимиз келмасди. Энг оғири — Анвар Обиджоннинг мен сингари мухлислари бўлган фарзандларимга бу совуқ хабарни айтиш эди...

Ҳеч бир ишга қўлим бормасди. Устозим ҳақидаги китобларни эзилиб мутолаа қилишга киришдим, ўзимнинг ҳам нималардир ёзгим келди. Буни қарангки, бисотимдан Анвар Обиджоннинг қутлуғ 70 йиллик юбилейига атаб “Сизга ҳавасдаман!” номидаги кўнгил битикларимни топиб олдим.

“Ҳеч муболағасиз — Анвар ака менинг болаликдаги ғойибона устозимга айланган. Дастлаб “Масхарабоз бола” ва кейинчалик “Жуда қизиқ воқеа” номли китобларини қўлдан қўймай ўқиганман, ёд олганман. Таъбир жоиз бўлса айтайин, ушбу китоблар болалик кутубхонамдаги энг “ийиғи чиққан” китоблардан эди. Негаки, уларни мактабга борсам сумкамда, мол боқсам қўлтиғимда, ётсам ёстиғимнинг остида тутардим. Агарда Анвар Обиджоншунослар рўбарў келиб, шеърларидан айтишув қилсак ҳам уялиб қолмаслигим тайин!

Агар эътибор қилиб ўқисангиз, Анвар Обиджон ижодида тўғридан-тўғри насиҳатгўйлик учрамайди. Рўй-рост гапни енгил тилда айтади-қўяди.

– Олманиям ғажийман,

– Ҳолваниям ғажийман!

– Ўзи нечта тишинг бор?

– Сенинг нима ишинг бор!

Табиийки, бундай шеър бир ўқилишида ёдингда қолади ва “одобли бола бўл”, “деразага қараб тош отма”, “дангасалик қилма” қабилидаги насиҳатбозликни четлаб ўтади. Бир чимдим ҳажв билан ҳолат очиб берилади, хулосани ясаш эса ўқувчининг ҳукми ихтиёрида қолади.

Сўзим исботи тариқасида айтадиган бўлсам, болаликда ўқиган бошқа шоирлар ижодида бироз баёнчиликни ва панд ўқишни кузатганман. Табиийки, бола учун бу жуда хуш ёқавермайди. Шу маънода ҳам Анвар акани ўзига хос ихчам ва лўнда шеърлар билан ўзбек болалар адабиёти, хусусан шеъриятида туб бурилиш ясай олган моҳир ижодкор дегим келади.

Демак, хулоса ҳам шуки, бу шоир хусусида кўп гапириб ўтириш шарт эмас, Устознинг ўз ижодий йўлидан бориб, қисқаликдан ҳикмат ахтариш керак. Агар рухсат берсангиз, мен ҳам битта шеър айтаман” деб давом этган экан қутлов сўзларим. Афсуски, бағишлов шеърим жуда кўтаринки кайфиятда ёзилган эди.

... Бундан неча йил олдин,

Кўнглида буюк матлаб –

Тошкентга келди шоир

Олти ариқни ҳатлаб.

Кейин бу ариқлардан –

Қанча сувлар оқмади.

Шоир беғ
уборликдан –

Бошқасига боқмади.

Болалар шоирига

Бегонадир кексалик.

Бир умрга бола у,

Тиниқликдан эсдалик!

...“Тошкент бу ёнда, болам,

Сен қайга йўл оласан?!” —

Фарзандини йўқотиб

Ҳалак она — Полосон.

... Наҳот энди Устоз йўқ?!

Ҳеч ишонгим келмайди!

Китоб босиб бағрига

Она қизим жилмайди.

Ва шу ҳолат кўнглимни

Ўкинчлардан қайтарди:

Қизим ўз укасига —

Устоз шеърин айтарди!

Ориф ТЎХТАШ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир,
“Болалар ва ўсмирлар адабиёти” Кенгаши раиси