Бугун мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида туб ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Унинг самараларини тизимга дахлдор барча йўналишларда яққол кўриш мумкин. Хусусан, “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни шу ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ифодаси сифатида Конституциямизнинг 31 йиллиги байрами арафасида Наманган вилоятида республикамиздаги биринчи “Болалар сайёҳлик базаси” ўз фаолиятини бошлади.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли “Баркамол авлод” болалар мактаби тасарруфидаги мазкур янги муассаса очилишида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев, вилоят ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маориф соҳаси мутасаддилари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Вилоятда ёшлар туризмини ривожлантириш, юртимиз ҳудудларидаги ўқувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстликка хизмат қилувчи 150 ўринга мўлжалланган маскан 7 миллиард сўм маблағ эвазига қуриб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
– Наманганни етакчи таълим марказига айлантириш бош мақсадимиз. Мамлакатимизда биринчи бўлиб “Болалар сайёҳлик базаси”нинг айнан бизда қурилгани ҳам бежизга эмас, – дейди Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов. – База Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бунёд этилди. Ушбу муҳташам муассаса ёшларнинг бўш вақтини унумли ва мазмунли ўтказиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, қизиқишига қараб тўгаракларга жалб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Кейинги йилларда вилоятда 13 та “Баркамол авлод” болалар мактабини таъмирлаш учун 1 миллиард 400 миллион сўм, жиҳозлаш ишларига эса 3 миллиард 100 миллион сўм ажратилиб, мазкур муассасаларда янги йўналишдаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Натижада “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тўгарак аъзолари республика танловларининг 147 тасида, халқаро танловларнинг эса 33 тасида совриндор бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири