Бошқа ҳудудларда бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилган ишлар бугун аста-секин ўз натижасини бермоқда.
Буни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.
465 ўринга мўлжалланган марказда бугунги кунда 17 та даволаш бўлими, маслаҳат поликлиникаси шунингдек, 7 та ёрдамчи бўлим аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари қабул қилиш ва текшириш бўлимлари, нурли диагностика, клиник биохимик-лаборатория, марказий микробсизлантириш бўлими, дорихона, парҳез таом тайёрлаш бўлимлари ҳам беморлар ихтиёрида.
Бемор болалардаги касалликларни аниқлаш ва ташхис қўйиш, сифатли даволаш учун 136 нафар биринчи, иккинчи ва олий тоифали шифокор, 498 нафар ҳамшира, 319 кичик ходим фаолият юритмоқда. Улар орасида тиббиёт фанлари номзодлари, 2-даражали “Соғлом авлод”, “Дўстлик” ордени соҳиблари бор.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020-2021 йилларда марказда режали жарроҳлик, лор, кўкрак жарроҳлиги, йирингли жарроҳлик, травматология ва урология бўлимларида 7 минг 200 дан зиёд жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Шунингдек жорий йил ўтган даври мобайнида пойтахтлик малакали тиббиёт мутахассислари иштирокида жами 34 нафар бемор болада юқори технологик операциялар амалга оширилди. Муҳими, операция қилинган беморларнинг 20 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар фарзандларидир.
Тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида марказ замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Хусусан, 2014-2018 йиллар давомида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш лойиҳаси доирасида Германия ҳукумати ва КФВ банки иштирокидаги Репродуктив Саломатлик лойиҳаси доирасида умумий қиймати 1 миллион 41 минг Еврони ташкил қилувчи 64 турдаги 133 дона замонавий тиббий жиҳозлар келтириб ўрнатилди. 2019-2021 йилларда яна 4 турдаги диагностика, лаборатория, физиотерапия бўлимларига замонавий тиббий жиҳозлар келтирилди. Бундан ташқари 2020-2021 йилларда пандемия даврида марказга кислород станцияси ўрнатилди. Унда 186 та кислород таъминотига улаш жойи, реанимация муолажасига мўлжалланган 9 дона ИВЛ аппарати, 3 дона СПАР, 10 дона кислород концентратори мавжуд.
Марказда фаолият юритаётган тиббиёт мутахассисларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида лор (юз-жағ хирургия билан) бўлими шифокори Ғиёс Фармонов Туркия давлатининг Анқара шаҳрида хирургия йўналиши бўйича малака ошириб қайтди.
Тиббиёт муассасасига келган фуқаро нафақат у ерда кўрсатилган тиббий хизматдан рози бўлиб кетиши балки, атрофдаги ободончиликдан баҳри-дили очилиши керак.
Шу мақсадда сўнгги бир ой давомида марказ ер майдонларига ободонлаштириш учун 25 минг дона ҳар хил турдаги гуллар экилиб, замонавий суғориш тизими йўлга қўйилди. Йўлаклардаги нотекис чуқурликлар қайтадан асфальт қилинди. Биноларнинг ташқи ва ички фасади қайтадан таъминланди. Муҳими ичимлик суви тансиқлиги муаммоси тўлиқ бартараф этилди. Доимий сув билан таъминланди. Ҳожатхона ҳамда ювиниш хоналари қайтадан таъмирланиб, беморлар учун шарт-шароитлар яратилди.
– Беморлар оқими кўплиги учун қабул бўлими тўлиқ қайта таъмирланиб, 2-пост ҳам ташкил қилинди, – дейди марказ раҳбари Тўлқин Расулов. – Марказга мурожаат қилган беморлар учун УЗД аппарати, цефровой рентген аппарати қайта таъмирланиб, қабул бўлимига доимий фаолият кўрсатиш учун ишлаш режимига қўйилди. Барча бўлимларда пулсоксометр, электрон термометр ва болалар тонометри ва совутгичлар (Кондиционер) билан таъминланди. Шунингдек, марказга қарашли дорихонада бемор болалар учун бир неча хилдаги суюқ дорилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бўлимларда дори-дармонга бўлган эҳтиёж аниқланиб, реанимация бўлимлари 90 фоиз, қолган бўлимлар 80 фоиз дори-дармон билан таъминланди.
Марказ раҳбарининг таъкидлашича, келгусида шифохонада амалга оширилиши мўлжалланаётган истиқболли лойиҳалар талайгина. Жумладан, жорий йил охирига қадар марказга келадиган беморларга самарали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида қабул бўлимида кунлик неонатология ва хирургик постларни ташкил этиш, болаларга аллергик касалликларни аниқлаш қонда Ig_E аниқлаш ва аллергик синамалар қўйишни ташкиллаштириш ва туманларга аллерголог мутахассисларни тайёрлаш, болалар аллерголог мутахассисларини алоҳида штатларини ташкил этиш мақсад қилинган. Бунинг натижасида туманлардан келадиган беморларга сифатли неонатологик ва хирургик хизмат кўрсатиш даво муолажаларини ўтказиш имконияти яхшиланади. Мақсад, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА