Болажонларнинг энг севимли даври ҳисобланган ёз фасли уларнинг қалбига олам-олам қувонч, ҳайрат ва ҳаяжон, унутилмас лаҳзаларни тортиқ этиши билан ажралиб туради. Ёзги таътил болалар учун нафақат дам олиш, балки ривожланиш, ижодий тафаккур ва дўстлар орттириш вақти ҳамдир.
Мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, уларни соғломлаштиришда болалар дам олиш оромгоҳларининг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Айни кунларда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларнинг мазмунли дам олишларини ташкил этиш борасида Андижон вилоятида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2024 йил 29 майдаги “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамровини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари асосида ташкил этилмоқда.
Жорий мавсумда вилоятда шаҳар четидаги мавжуд 12 та болалар оромгоҳида 4 сменада 7 минг 360 нафар, шунингдек, умумтаълим мактаблари қошида ташкил этиладиган 50 та кундузги оромгоҳда 10 минг 400 нафар, жами 17 минг 760 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган.
Ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўришнинг манзилли дастурига асосан болалар оромгоҳларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, мавсумга тайёрлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун зарур маблағлар захирасини яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича вилоятда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Андижон вилояти бошқармаси, туман, шаҳар ҳокимликлари, мутасадди ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан бу борадаги ишларни сифатли ҳамда белгиланган санитария-гигиена талаблари асосида ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган. Ана шу асосда амалий ишлар олиб борилиб, доимий назорат ва таҳлил қилинмоқда.
Шаҳар четидаги 12 та болалар оромгоҳлари сифатли таъмирланиб, зарур қаттиқ-юмшоқ мебеллар, инвентарлар, маданий ва спорт буюмлари, тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонлар, ошхона анжомлари ҳамда кўргазмали воситалар билан таъминланиб, тўла жиҳозланади.
– Вилоятимизда болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш бўйича белгиланган зарур барча ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Акбаржон Ходжаев. – Айни кунда оромгоҳларнинг аксариятида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, шунингдек, манзилга олиб борувчи ички йўлларни таъмирлаш ишлари якунига етган бўлса, айримларида бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Айниқса, мазкур ишлар Андижон туманидаги “Боғишамол”, Булоқбоши туманидаги “Шифокор”, Улуғнор ва Асака туманларидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳида намунали олиб борилмоқда.
– Оромгоҳимизда бир сменада 300 нафар, бутун мавсум давомида 1 минг 200 нафар бола дам олади, - дейди “Боғишамол” оромгоҳи директори Шоҳруҳбек Қурбонов. – Шу кунларда қурилиш, таъмирлаш, бўёқлаш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари якунига етмоқда. Насиб этса бу ишлар тез кунларда тўла якунланади.
Оромгоҳда болажонларнинг кўнгилли ва мазмунли дам олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ҳар бир хонага кондиционер ўрнатилди. Ошхона, ётоқхона, бассейн, спорт майдончалари, кутубхона, компьютер хонаси уларнинг ихтиёрида бўлади. Бундан ташқари, маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилиши юзасидан ҳам чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳар бир сменада болажонларга бош тарбиячи, ёрдамчи тарбиячи, тарбиячи, етакчи, спорт йўриқчиси, сузиш инструктори, мусиқачи, кутубхоначи, тўгарак раҳбарлари, шифокор ва ҳамширадан иборат масъуллар бириктирилади.
Вилоятдаги оромгоҳларда таълим-тарбия, маданий-маърифий йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва фаолият олиб бориш учун болалар билан ишлашда муайян малакага эга, тажрибали педагог, тарбиячи, етакчи ва тўгарак раҳбарлари танлаб олинади. Уларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича ўқитиш дастури ва жадваллари ишлаб чиқилди. Ана шу асосда танлаб олинган педагог-ходимлар учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилади.
Оромгоҳлардаги мусиқа хоналарини зарур мусиқа анжомлари, қолаверса, мавсумни чиройли ўтиши учун зарур бўладиган жиҳоз ва спорт инвентарлари билан таъминлаш ишлари ҳам якунига етказилмоқда.
Шунингдек, ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, турли кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича ҳам чоралар белгиланган. Жумладан, оромгоҳларда туман, шаҳар маданият бўлимлари, вилоят қўғирчоқ театри томонидан бадиий, театрлаштирилган дастурлар, таниқли спортчилар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар режа асосида ўтказиб борилади.
Оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш, овқат тайёрлаб бериш бўйича тадбиркорлар, мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузилган. Маҳсулотларнинг сифатли сақланиши учун омборхоналар ташкил этилган, музлатгичлар билан таъминланган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида оромгоҳлардаги тиббий хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун алоҳида штаб, шунингдек, шаҳар ташқарисидаги ҳар бир оромгоҳда тиббий пункт ташкил этилади, зарур дори-дармонлар захираси яратилади. Тиббий пунктларда иш олиб бориш, тиббий хизматни ташкил этиш учун шифокор ва ўрта тиббиёт ходими жалб этилади.
Оромгоҳларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, жамоат тартибини таъминлаш, кўнгилсиз ва фавқулодда ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази мутахассислари, Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия бошқармалари ходимлари томонидан зарур ишлар олиб борилади.
[gallery-23479]
Бугунги кунда вилоятда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш бўйича белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Бу ишлар якунланиб, барча оромгоҳлар 31 майга қадар болаларни қабул қилиб олиш учун шай ҳолатга келтирилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари