Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?
11:08 / 2022-05-29

Андижон вилоятида жорий йил ёз мавсумида 19 та болалар ва мактабларда ташкил этиладиган 67 та кундузги оромгоҳларда 18 минг 400 нафар бола дам олиши белгиланган.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ички ишлар, маданият бошқармалари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида 2022 йил ёз мавсумида фаолият кўрсатувчи вилоятдаги болалар оромгоҳлари раҳбарлари, ҳисобчилари, спорт йўриқчилари, етакчи тарбиячилар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган ўқув-семинарда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар, мавсумни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарда сўз олган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши раиси Қодиржон Парпиев, Андижон вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Насибулло Мўминов ва бошқалар томонидан  мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, хусусан, болаларини соғломлаштириш, ёзги таътилни мазмунли ўтишини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дармонлар билан таъминланиши, оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Қодиржон Ризаев. – Жорий мавсумда вилоятда шаҳар четида жойлашган 19 та оромгоҳда, шунингдек, мактабларда ташкил этиладиган 67 та кундузги оромгоҳда 18 минг 400 нафар  боланинг дам олиши режалаштирилган бўлиб, айни кунда оромгоҳларда болаларни қабул қилиш бўйича тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.

Оромгоҳларда иш олиб бориш учун етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимларини жалб этилиши, сифатли озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш борасида фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузилганлиги, маҳсулотларнинг сифатли сақланишини таъминлаш борасида ҳам мутасаддиларга зарур тавсиялар берилди.

Мутахассислар томонидан санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш, биринчи ва режали ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар захирасини яратиш, масъул шахсларнинг билим ва малакаларини бойитиш, самарали иш олиб боришлари бўйича кенг маълумотлар берилди.

– Оромгоҳлардаги покизалик, санитария-гигена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олинади, – дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бўлим мудири Шаҳноза Ҳакимова. – Шунингдек, озиқ-овқатлар сифатига, болаларга берилаётган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгиланган.

Семинарда оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланиб, мутасаддиларга Ёшлар ишлари агентлиги, халқ таълими муассасалари, маданият, спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек, оромгоҳларда ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва фанлар бўйича тўгараклар ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар, китобхонлик кечалари ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.  

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

                                                        Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА