Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар оромгоҳида “Ватанпарварлик куни”
16:54 / 2025-07-09

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги “Шифокор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Ватанпарварлик куни” тадбири бўлиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Долзарб 90 кунлик” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан болалар оромгоҳида ташкил этилди. Унда сўз олганлар мамлакатимизда ёш авлодни Ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, Қуролли Кучларимиз салоҳияти, ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирди.

Болажонларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дам олиш кунларини янада мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбир уларда унутилмас таассурот қолдирди, – дейди ҳарбий қисм зобити Бобуржон Олтибоев. – Қолаверса, тадбир ёшларимизнинг чегара қўшинлари, миллий армиямиз ва унинг куч-қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Тадбир давомида қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбийларнинг қўл жанги ва бошқа кўргазмали чиқишлари, болажонлар билан ўтказган мулоқот ва суҳбатлари, айниқса, ҳарбийлар томонидан ижро этилган юртни мадҳ этувчи қўшиқлар болаларнинг она Ватанга муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлашга, ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари